Тарихдаги эзгу ишлар унутилмайди (+видео)
Ҳар қайси давлатнинг ўтмиши, тарихи ва ҳақиқатлари бўлгани каби, ҳар бир даврнинг ўз намояндаси, йўлбошчиси бўлади. Халқ ишончини қозониб, уларни бир мақсад йўлида жипслаштира олиш, эл-юрт ташвиши ва муаммолари билан яшаш эса фақатгина юртпарвар етакчигагина хос. Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган Усмон Юсупов айнан шундай шахс эди.
Узоқ ва яқин тарихимиз ҳамда буюк аждодларимиз ҳақида сўзловчи “Мозийга қайтиб...” лойиҳамизнинг навбатдаги сони давлат ва жамоат арбоби Усмон Юсупов мемориал уй-музейидан тайёрланди.
Усмон Юсупов 1900 йил 1 март куни Фарғона вилояти Каптархона қишлоғи деҳқон оиласида туғилган. У ёшлигидан деҳқончилик ишларида отасига кўмаклашган. 14-15 ёшида оиласи билан Эски қовунчи, ҳозирги Янгийўл шаҳрига кўчиб келади. Ўн олти ёшида Усмон Юсупов собиқ Кауфман (ҳозирги Янгийўл) пахта тозалаш заводига ишга киради. Меҳнатсеварлиги ва тўғрисўзлиги билан жамоа эътиборини қозонади. Бу ерда иш ўрганиб, тажриба орттиради. 1925-1934 йилларда у касаба ишида фаолият юритади. Кейинчалик тарих, фалсафа, математика, география, рус тили ва адабиётидан сабоқ олади.
[gallery-18314]
1937 йил Усмон Юсупов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретарлигига сайланади. Шу аснода у то 1954 йилгача юртимиз ва иттифоқ миқёсида энг юқори хизмат вазифаларида ишлади. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсати оғир бир даврда давлатни бошқарди.
Бошқарувининг биринчи беш йилликлар даврида Ўзбекистонда сув учун умумхалқ юриши авж олади. Улкан ирригацион иншоотлар қурилиши Усмон Юсупов номи билан боғлиқ. Унинг бошчилигида 1938 йилда Фарғона меҳнаткашлари жуда қисқа вақт – 17 кунда Лоғон каналини барпо қилади. Водий ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғоришда асосий ўрин тутувчи Катта Фарғона канали қурилиши даврида айниқса, У. Юсуповнинг ташкилотчилик ва раҳбарлик қобилияти ёрқин намоён бўлди. Узунлиги 270 километр бўлган ушбу канал 1939 йилнинг ёзида 45 кунда қуриб битказилади. Канал 40 минг гектар янги ерга оби ҳаёт бахш этди. Шунингдек, Шимолий ва Жанубий Фарғона каналлари, Тошкент канали, Кампирравот тўғони ва бошқа ирригация иншоотлари ҳашар йўли билан бунёд этилган.
Усмон Юсупов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси ишчи-меҳнаткашлари Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага қаҳрамонона меҳнати билан муносиб ҳисса қўшди. Уруш даврида мамлакат ғарбидан кўчириб келтирилган корхоналарни ишга тушириш, янгиларини қуриш, фронтни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаш, ўзбекистонликларни фашизмга қарши курашга сафарбар қилиш, уруш туфайли уй-жой ва бошпанасиз қолган аҳоли ҳамда етим қолган болаларга меҳрибонлик ва инсонпарварлик қилишда Усмон Юсупов бош-қош бўлган.
1954 йилдан то ҳаётининг охирига қадар Усмон Юсупов Ўзбекистонда бўз ерларни ўзлаштириш, пахтазорлар ва боғ-роғлар яратиш соҳасида самарали меҳнат қилди. Мирзачўлни боғу бўстонга айлантирди. 1966 йил 7 майда Усмон Юсупов Янгийўлдаги уйида вафот этади. Катта Фарғона канали, бир қанча қишлоқлар туғилган жойи Каптархонадаги мактаб, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги кўчалар унинг номи билан аталган.
Усмон Юсупов мемориал уй-музейи 1974 йил 24 июнда Янгийўл шаҳри марказида давлат арбоби яшаган манзилда ташкил этилган. Уй-музей Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йил Усмон Юсуповнинг 120 йиллиги олдидан таъмирланиб, кўркам ва обод қиёфага келтирилди. Ҳовли марказида Усмон Юсупов сиймосини гавдалантирувчи бюст ўрнатилди.
Умумий майдони 8434,95 квадрат метрдан иборат уй-музейида иккита бино жойлашган. Мемориал бинода Усмон Юсуповнинг шахсий буюмлари, китоблари, кийимлари, маиший ва этнография буюмлари сақланади. Экспозиция қисмида эса давлат арбобининг ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи фотосуратлар, ҳужжатлар, хатлар, расмлар, кичик ҳайкаллар, буюмлар сақланади. Жами экспонатлар сони 4570 тани ташкил этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vWqSSOT0Pas" title="Tarixdagi ezgu ishlar unutilmaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бу ерга ташриф буюрувчилар Усмон Юсупов фаолиятидан ташқари, яқин ўтмиш ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар билан танишиши мумкин.
Уй-музейда турли байрамларга атаб кўргазмалар, мактаб, коллеж ўқувчилари билан турли мавзуларда суҳбат, маъруза ва учрашувлар ташкил қилинади. Зеро, буюк аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
“Мозийга қайтиб...” лойиҳасининг аввалги сонларида узатилган фоторепортажларни қўйидаги ҳавола (https://uza.uz/uz/posts/ozada-yangi-loyiha-moziyga-qaytib_584824) (https://uza.uz/uz/posts/yunus-razhabiy-uy-muzeyidan-fotoreportazh_591857) (https://uza.uz/uz/posts/abdulla-qahhor-uy-muzeyidan-fotoreportazh_598274) орқали кўришингиз мумкин.
Камола ЮСУПОВА,
Аслиддин АЛИЖОНОВ (фото, видео), ЎзА