Мозийга қайтиб...
Ёзувчини ҳеч қачон ҳеч ким кўтармайди. Яхши ёзувчини яхши асарлар кўтаради, яхши ёзувчи кўтарилиб кетганини ҳатто ўзи ҳам билмай қолади.
Абдулла Қаҳҳор
Юқоридаги мисралар соҳиби Абдулла Қаҳҳор худди ўзи ёзганидек, ўзбек адабиётига бетакрор асарлари билан баралла кириб келди. Ҳикоя жанрининг тенгсиз устаси сифатида танилди, қалблар тўридан жой олди.
Атоқли адиб, ёзувчи, драматург, бетакрор сўз устаси Абдулла Қаҳҳорнинг китоблари кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак. Биз барчамиз ёшликдан адиб асарларини севиб мутолаа қилганмиз. “Ўтмишдан эртаклар”, “Бемор”, “Ўғри”, “Синчалак” каби қисса ва ҳикоялари билан бирга улғайганмиз, тасаввур ва дунёқарашимиз шаклланган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор 1907 йил 17 сентябрда Қўқон шаҳрида темирчи оиласида туғилган. Ўрта Осиё Давлат университетининг педагогика факультетини тамомлаган. Унинг илк “Ой куйганда” ҳажвий шеъри Норин шилпиқ тахаллуси остида “Муштум” журналида босилган. Ёзувчи “Бошсиз одам” ҳикоясини эълон қилгач, умрининг охиригача насрда самарали ижод этди. Дастлабки ҳикоялар тўплами – “Олам яшаради” номи билан чоп этилган. Шундан сўнг, унинг “Ҳикоялар” тўпламлари кетма-кет нашр этилган. Бу даврда у “Сароб” романини ҳам ёзган. “Қўшчинор чироқлари” романи, “Синчалак”, “Ўтмишдан эртаклар”, “Муҳаббат” қиссалари ўзбек насри тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган. Абдулла Қаҳҳор ўзининг “Шохи сўзана”, “Оғриқ тишлар”, “Тобутдан товуш”, “Аяжонларим” саҳна асарлари билан драматург сифатида яхши танилган. Шунингдек, у Александр Пушкин, Лев Толстой, Николай Гоголь, Антон Чехов асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.
Англаганингиздек, бугунги “Мозийга қайтиб...” лойиҳамизнинг навбатдаги сони Абдулла Қаҳҳор уй-музейидан тайёрланди.
Уй-музей Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 80 йиллик юбилейи арафасида, яъни, 1987 йил 6 май куни адибнинг турмуш ўртоғи Кибриё Қаҳҳорова ташаббуси билан ташкил этилган. Пойтахтимизнинг Яккасарой тумани Юнус Ражабий кўчасида жойлашган уй-музей хона, айвон ва асосий кириш йўлагидан иборат бўлиб, унда ёзувчининг шахсий буюмлари, ҳужжатлар, орден, медаллари, қўлёзма ва китоблари, фотосурат ҳамда санъат асарлари сақланади. Музей хоналари адиб ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи кўргазмалар билан безатилган.
Меҳмонхона ва кутубхона мемориал хоналар ҳисобланиб, уларнинг барчаси адиб ҳаёт чоғида қандай бўлса, ҳозирги кунга қадар ҳам шундай сақланиб қолган. Меҳмонхонадаги адиб фойдаланган телевизор, радио, магнитофон ва турли мебеллар ташриф буюрган зиёратчиларда ўзгача таассурот ва қизиқиш уйғотиши табиий. Мазкур жиҳозлар бевосита ХХ асрнинг 60-йиллари муҳитини тасаввуримизда гавдалантиради.
Адиб кутубхонасида беш юздан ортиқ журнал ва тўрт мингга яқин китоб сақланмоқда. Жавонларда жой олган ўзбек ва форс-тожик мумтоз адабиёти намуналарининг ноёб нусхалари, XIX асрнинг иккинчи чорагида Москва ва Санкт-Петербургда чоп этилган қадимий китоблар нодир хазина сифатида ғоят қадрли.
[gallery-17394]
Масканга ташриф буюрувчилар Абдулла Қаҳҳорнинг илк китобларидан тортиб, то бугунги кунгача турли йилларда чоп этилган китобларининг нашрлари, қардош халқлар ва хорижий тилларда битилган асарлари, адиб ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илмий-танқидий ишлар, хотиралар билан танишиши мумкин.
Уй-музейнинг адиб ижодига бағишланган залида “Сароб”, “Қўшчинор чироқлари”, “Синчалак”, “Ўтмишдан эртаклар” сингари роман, қисса ва ҳикоялари нашрларини учратасиз. Эътиборлиси, бу асарлар рус, араб, форс, тожик, қозоқ, вьетнам, испан, инглиз, арман, озарбайжон, эстон, немис, француз, грек, румин, болгар, латиш, бенгал, корейс каби тилларда нашр этилган.
Музейда сақланаётган барча экспонатлар ёзувчининг болалик ва ёшлик йиллари, ибратли ҳаёт йўли ва ижоди ҳақида ҳикоя қилади.
Абдулла Қаҳҳор қолдирган бебаҳо адабий мерос замонлар ўтса ҳамки ўз аҳамиятини йўқотмаган, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда ўрни ва таъсири беқиёс. Адиб уй-музейи эса ушбу улкан хазина билан юзлашиш, ижод уммонидан баҳраманд бўлиш имконини беради.
“Мозийга қайтиб...” лойиҳасининг аввалги сонларида узатилган фоторепортажларни қўйидаги ҳаволалар орқали кўришингиз мумкин.
Камола Юсупова,
Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА