Тантанали қасамёд қилишди
Инсон ҳаётида шундай унутилмас лаҳзалар бўладики, улар нафақат унинг тақдирида, балки бутун келгуси фаолиятида муҳим ўрин тутади. Ёш йигитнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиши ана шундай шарафли ва масъулиятли онлардан биридир.
Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақирув резерви баталионида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёш аскарларнинг “Ватанга қасамёд” қабул қилиш маросими юқори савияда ташкил этилди.


Тантанали тадбирда Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги вакиллари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши масъуллари, Гулистон ҳарбий прокуратураси ходимлари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, нуронийлар, ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Майдонда саф тортган ёш аскарлар учун бу кун оддий маросим эмас, балки Ватан тақдири ва халқ ишончи учун масъулиятни зиммасига олишнинг ҳуқуқий ва маънавий ифодаси бўлди. Улар Ўзбекистон Республикаси, халқимиз ва ҳарбий бурчларига содиқ қолишга тантанали равишда қасамёд қилишди. Қасамёд сўзлари янграган онларда аскарлар кўзларида фахр ва масъулият туйғуси, ота-оналар чеҳрасида эса ифтихор ҳисси намоён бўлди.


Тадбирнинг амалий қисми йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Ёш ҳарбий хизматчилар қўл жанги усуллари, саф тайёргарлиги элементлари ҳамда қурол билан муомала қилиш бўйича эгаллаган кўникмаларини намойиш этдилар. АК-74 автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича кўргазмали чиқишлар ҳарбий тайёргарликнинг амалий натижаларини яққол кўрсатди. Айниқса, кўзи боғланган ҳолда қуролни тез ва аниқ йиғиш бўйича бажарилган машқлар иштирокчиларнинг қизиқиши ва олқишига сабаб бўлди.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан Ватан мадҳига бағишланган куй-қўшиқлар ижро этилди. Мусиқа ва ҳарбий интизом уйғунлашган ушбу чиқишлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлаб, иштирокчилар қалбида юртга муҳаббат ва фидойилик туйғуларини кучайтирди.


Бугун мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни жисмонан бақувват, маънан етук ва юксак масъулият туйғусига эга шахслар этиб вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ана шундай тадбирлар орқали ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, муқаддас бурчга садоқат ва миллий армиямизга ҳурмат туйғулари мустаҳкамланмоқда.
“Ватанга қасамёд” маросими ҳар бир аскар учун шараф ва масъулият мактаби ҳисобланади. Бу кун уларнинг қалбларида Ватан ҳимоячиси деган юксак номга муносиб бўлиш йўлидаги дастлабки муҳим қадам сифатида муҳрланиб қолади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири