Ўзбекистон делегацияси ICH ва IPRP халқаро йиғилишларида иштирок этмоқда
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида “Инсон фойдаланадиган фармацевтика воситаларига қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича Халқаро кенгаш” (ICH) ассамблеяси ҳамда “Дори воситаларини тартибга солиш бўйича халқаро платформа” (IPRP)нинг умумий йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Унда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишлар доирасида Марказ мутахассислари ICHнинг M18 ва Q5E Annex ишчи гуруҳлари йиғилишларида фаол қатнашмоқда. Ушбу ишчи гуруҳларда биосимиляр дори воситалари ҳамда илғор терапия препаратларини (ATMP) тартибга солиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Мазкур йўналишларда халқаро экспертлар билан ҳамкорлик қилиш ва илғор тажрибаларни ўрганиш миллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситаларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш ҳамда халқаро стандартларни миллий амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон делегациясининг ушбу халқаро майдонлардаги иштироки мамлакатимизнинг глобал фармацевтика ҳамжамияти билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, тартибга солиш соҳасидаги замонавий ёндашувларни жорий этиш ва аҳолини сифатли, хавфсиз ҳамда самарали дори воситалари билан таъминлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА