Танловнинг вилоят босқичи ўтказилди
Сирдарё вилоятида билим, тажриба ва педагогик маҳорати билан ажралиб тураётган устозлар “Йил ўқитувчиси – 2026” республика танловининг вилоят босқичида ўзаро беллашишди. Уч кун давом этган нуфузли танловда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан саралаб олинган 22 нафар педагог ўзининг касбий салоҳияти, инновацион ёндашувлари ва ижодий тажрибасини намоён этди.
Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилояти Педагогик маҳорат марказида ташкил этилган танлов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилди. Танловдан кўзланган асосий мақсад – таълим муассасаларида самарали фаолият юритаётган, замонавий педагогик технологияларни амалиётга татбиқ этаётган, илғор иш тажрибасига эга ўқитувчиларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини муносиб рағбатлантириш ва оммалаштиришдан иборат бўлди.
Танлов бошланишидан олдин Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев иштирокчилар ва ҳакамлар ҳайъати аъзолари билан учрашди. Учрашувда беллашувни очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида ўтказиш, ҳар бир иштирокчининг билим ва маҳоратига холис баҳо бериш, баҳолаш мезонларига қатъий риоя қилиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, вазир ўринбосари иштирокчиларга омад тилаб, мазкур танлов педагоглар учун тажриба алмашиш, ўз салоҳиятини намоён этиш ва касбий ўсиш имкониятини яратувчи муҳим майдон эканини таъкидлади.
Вилоят босқичига қадар иштирокчилар бир нечта саралаш жараёнларидан муваффақиятли ўтди. Дастлаб уларнинг малака тоифаси натижалари ҳисобга олинди. Кейинги босқичларда дарс ўтиш маҳорати, замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмалари, маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлик саводхонлиги баҳоланди. Якуний босқичда эса иштирокчилар ўз фаолияти, амалга оширган инновацион ишлари ва эришган натижалари юзасидан тақдимотлар қилди.
Беллашувнинг энг масъулиятли синовларидан бири китобхонлик бўйича тест жараёнлари бўлди. Иштирокчиларга тавсия этилган 21 та манба асосида саволлар берилди. Уларнинг 16 тасини бадиий адабиётлар ташкил этган бўлса, қолган қисми Президент асарлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Таълим тўғрисида» ҳамда «Педагогнинг мақоми тўғрисида» ги қонунларга бағишланди. Бу орқали педагогларнинг касбий билими билан бир қаторда китобхонлик маданияти, ҳуқуқий саводхонлиги ва маънавий дунёқараши ҳам баҳоланди.
[gallery-30641]
— Давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор педагогларнинг касбий маҳоратини мунтазам ошириш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ва таълим жараёнига инновацияларни жорий этишга кенг имконият яратмоқда. “Йил ўқитувчиси” танлови эса устозлар учун нафақат беллашув, балки ўзаро тажриба алмашиш, янги ғоя ва ташаббусларни намоён этиш майдонидир. Бу каби танловлар педагогларни доимий изланишга, ўз устида ишлашга ва таълим сифатини янада юксалтиришга ундайди, — дейди Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳилола Назарбекова.
Танлов иштирокчиси, Ширин шаҳридаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Сайёра Бердиёрова мазкур танлов ҳар бир педагог учун катта тажриба мактаби эканини таъкидлайди.
— Тақдимот босқичида фаолиятим ва шахсий ривожланишим бўйича юқори баҳога сазовор бўлганим кейинги синовларда менга катта ишонч бағишлади. Айниқса, китобхонлик бўйича ташкил этилган тестлар танловнинг энг масъулиятли босқичларидан бири бўлди. Энг асосийси танловнинг очиқ ва адолатли ташкил этилгани эса бизга янада катта ишонч ва руҳий далда бағишлади, — деди у.
Уч кунлик беллашув якунида энг юқори натижаларни қайд этган педагоглар ғолиб деб топилади ва улар жорий йилнинг 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан муносиб тақдирланади.
Бугун “Йил ўқитувчиси” танлови энг яхши педагогларни аниқлаш билан чекланмай, таълим тизимида рақобат муҳитини кучайтириш, илғор методикаларни оммалаштириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини юксалтириш ва соҳада сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишга хизмат қилаётган муҳим касбий-маърифий лойиҳага айланди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА