Ёш волонтёрлар Сенат фаолияти билан яқиндан танишди
Ёшлар куни муносабати билан Сенатда “IXLOS” ногиронлиги бўлган талабалар уюшмаси, “Олтин қанот” волонтёрлари ҳамда Ёш волонтёрлар академиясининг 45 нафар волонтёрлари билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда асосий эътибор ёшларни парламент фаолияти билан яқиндан таништириш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, қонун ижодкорлиги жараёни ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш ҳамда давлат бошқарувидаги иштирокини рағбатлантиришга қаратилди.
Учрашувда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов юқори палатанинг конституциявий ваколатлари, қонунларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш жараёни, қўмиталар фаолияти ҳамда парламент назоратининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди.
[gallery-30592]
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг билим олиши, касб эгаллаши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган шарт-шароитлар, давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида сўз юритилди.
Мулоқот давомида олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ислоҳотлар, таълим сифатини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалдаги қонунчиликда белгиланган имтиёз ва имкониятлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Волонтёрлар таълим, ёшлар сиёсати, ижтимоий ҳимоя ва парламент фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олди, шунингдек, ўзларининг бир қатор таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА