Туркия компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирмоқда
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Туркиянинг фармацевтика саноатидаги етакчи компанияларидан бири — Kiperin İlaç Gıda Sanayi ve Ticaret Limited Şirketi делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Бахром Махматраемов ҳамда раис маслаҳатчиси Алишер Шайхов иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, фармацевтика соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, технологиялар трансфери ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумот учун, 2019 йилда ташкил этилган Kiperin İlaç Gıda Sanayi ve Ticaret Limited Şirketi озиқ-овқат қўшимчалари, коллаген, витаминлар ва саломатлик учун мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания маҳсулотлари GMP, HACCP, ISO ва Halal каби халқаро сифат стандартлари асосида тайёрланади ҳамда дунёнинг қатор мамлакатларига экспорт қилинади.

Музокаралар давомида туркиялик тадбиркорларга мамлакатимизда инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятлари, давлат томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари, солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, экспорт-импорт фаолиятини ташкил этиш тартиблари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Томонлар фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвестицияларни жалб этиш, илғор технологияларни жорий қилиш, экспорт-импорт операциялари ҳажмини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида икки мамлакат ўртасида фармацевтика соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестиция ва технологиялар трансферини рағбатлантириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА