Таълимда энди сон эмас, сифат устувор (+видео)
Чекка ҳудудлар мисолида таълим соҳасидаги ислоҳоларни ўрганиш мақсадида пурвиқор тоғлар билан ўралган, вилоят марказидан 120 километр узоқликда жойлашган Қарши давлат техника университетининг Шаҳрисабз озиқ-овқат муҳандислиги факультети фаолияти билан яқиндан танишдик.
Аввало, бирдан кўзга ташланадиган жиҳат педагогик жамоанинг ёш фан докторлари, фан номзодлари, профессорлар ва пойтахтда замонавий таҳсил олган олимлар билан тўлдирилиши бўлди. Салоҳиятли, креатив фикрлайдиган кадрлар учун 35 млрд сўмга янги бино, ўқув ва лаборатория жиҳозлари, илмий адабиётлар тақдим этилган. Ўзини оқламаган 7та йўналиш ёпилиб, улар ўрнида замон талабларига мос яна 6та йўналиш қайта очилибди.
Масалан, Шаҳрисабз тоғларида ноёб, ҳали чуқур ўрганилмаган гиёҳлар кўп. Доривор ўсимликлар устида илмий изланишлар олиб бориш йўналиши бу ерда айни муддао. Ёки туризм, ахборот хавфсизлиги, муҳандислик йўналишларига ҳудудда доимо талаб бор. Шу боис минг нафар талаба ўрнига 88 нафар талаба истиқболли йўналишларга танлаб олинди. Кучли рақобат муҳитида энди сон эмас, сифатга, ёшлар бандлигини таъминлашга кўпроқ эътибор берилмоқда.
- Жамоамизда 30 нафар профессор-ўқитувчидан ҳозирги кунда 14 нафари илмий даражали, унвонларга эга, - дейди Қарши давлат техника университети Саноат муҳандислиги ва менежмент кафедраси мудири Сирожиддин Кенгбоев. – Жамоамиз жуда илмга чанқоқ, меҳнатсевар, ўқув жараёнларини жуда сифатли ўтишади. Бинода барча шароитлар бор. Кафедрамизда биргина 2025 йилда 5 нафар ўқитувчимиз профессор илмий унвонига эришди. Умуман бизни кафедрада асосан кимё, муҳандислик йўналишларида илмий-тадқиқотлар олиб борилади.
Яна бир эътиборимизни тортган жиҳат йирик корхоналар билан кадрлар тайёрлаш бўйича шартномалар мавжудлиги. Масалан, “Деҳқонобод калий заводи”, “Шўртан газ кимё мажмуаси” каби ўнлаб ишлаб турган қувватларга мутахассис етказиб бериш ҳам кенг йўлга қўйилган. Бундан ташқари Беларуссия, Туркия, Хитой давлатлари ўқув муассасалари билан илмий ҳамкорликлар ҳам мавжуд экан.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” арафасида соҳа ходимлари билан ўтказган мулоқоти давомида “2026 йил - ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили” бўлиши айтилди. Шу боис устозлар жамоаси янги касбларни амалиётга тадбиқ этиш, мавжудларини замонавий асосда қайта йўлга қўйиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Мақсад барча битирувчиларнинг бандлигининг таъминлаш, ҳудуд ривожига муносиб ҳисса қўшишдир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/x53kqmeuKfw" title="Ta’limda endi son emas, sifat ustuvor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов (видео), ЎзА