Халқаро анжуман иштирокчилари Самарқандда
Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган “Тинчлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусидаги “Термиз мулоқоти”нинг иккинчи йиғилиши иштирокчилари Самарқандга ташриф буюрди.
Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Осиё–Тинч океани минтақаси, Яқин Шарқ ва Америка давлатларидан 150 дан ортиқ сиёсатшунос, эксперт, дипломат, халқаро ташкилот ва бизнес доира вакиллари қатнашган анжуман иштирокчилари Самарқанднинг муқаддас қадамжолари, бетакрор тарихий обидалари билан танишди.
Ташрифнинг илк манзили Имом Бухорий мажмуаси бўлди.
[gallery-29840]
- Ислом оламининг буюк муҳаддиси мангу қўним топган масканни зиёрат қилиб қалбимиз таскин топди, - дейди анжуман иштирокчиси, туркиялик Мурат Аслан. – Бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари менда катта таассурот қолдирди. Тарих, дин ва маданият ҳақида батафсил маълумот берадиган музей ҳайратимни оширди. Бундай улуғ ишларни амалга оширган ўзбек халқига тасаннолар айтамиз. Масканда ўтказган қисқа вақтимиз давомида дунёнинг турли минтақаларидан келган сайёҳларни кўрдик. Ўйлайманки, бундай улкан ишлар Ўзбекистонни бутун дунёга танитади, уларни ўзига мудом чорлаб қолади.
“Термиз мулоқоти” иштирокчилари ташриф давомида кўҳна кентнинг бетакрор тарихий обидалари — Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Хўжа Дониёр мақбараларида ҳам бўлди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари