“Табиат уйғунлиги ҳимоячиси”: 10 йиллик ҳалол меҳнат эътироф этилади
Атроф-муҳит тозалиги ва ободонлиги йўлида йиллар давомида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган ишчи-хизматчиларнинг фидокорона меҳнати муносиб рағбатлантирилади.
Бу каби ходимлар фаолияти эътирофи учун “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танлови ўтказилиши режалаштирилган.
Хўш, кимлар танловда иштирок этиши мумкин?
Танлов аввало, санитар тозалаш ва ободонлаштириш соҳасида камида 10 йил самарали ва садоқатли меҳнат қилган ишчи-хизматчиларни эътироф этишга қаратилган.
Хусусан, санитар тозалаш корхоналарида чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бевосита амалга ошираётган, шунингдек, ободонлаштириш бошқармаларида тозалаш ишларида фаолият юритаётган ходимлар танловда иштирок этиши мумкин.
Танлов орқали соҳада кўп йиллик меҳнати билан муносиб ҳисса қўшган ходимлар эътироф этилади, санитар тозалаш ва ободонлаштириш соҳаси ишчи-хизматчиларининг нуфузи ва қадр-қиммати оширилади, ёш ходимларга ҳалол ва фидокорона меҳнат намуна қилиб кўрсатилади ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни кучайтиришга ҳисса қўшилади.
Ғолиб деб топилган номзодларнинг давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган фарзандлари ёки невараларининг бир йиллик контракт тўлови қоплаб берилади. Бунда қоплаб бериладиган тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошмаслиги лозим. Шу билан бирга, мазкур имтиёздан фойдаланган талабалар зиммасига келгусида давлат органлари ва ташкилотларида камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Танловда иштирок этиш учун аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
номзоднинг биометрик паспорти ёки ID-картаси нусхаси;
3×4 см ўлчамдаги рангли фотосурат;
маълумотнома (объективка);
номзоднинг сўнгги 3 йил давомида амалга оширган ишлари, эришган натижалари ва ташаббуслари акс эттирилган тавсифнома;
фарзандининг давлат олий таълим муассасасида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётганини тасдиқловчи маълумотнома ва шартнома нусхаси;
давлат олий таълим муассасасида таҳсил олаётган шахснинг номзодга қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Аризалар қачон қабул қилинади?
Танловда иштирок этиш учун аризалар 1 сентябрдан санитар тозалаш корхоналари ва ободонлаштириш бошқармаларида қабул қилинади.
Аризаларни қабул қилиш муддати — 1 октябрга қадар.
Танловда номзодлар ҳақида тақдим этиладиган маълумотларнинг тўғрилиги ва ишончлилиги учун тегишли ташкилот раҳбари жавобгар ҳисобланади. Шу боис барча ҳужжат ва маълумотлар аниқ, тўлиқ ҳамда белгиланган тартибда тақдим этилиши керак.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА