Қандай ҳолларда оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш рад этилиши мумкин?
Маълумки, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Давлат хизматлари марказлари орқали электрон шаклда амалга оширилади. Бу жараён Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни ва тегишли маъмурий регламентлар асосида тартибга солинади. Айрим жараёнларда рўйхатдан ўтказиш рад этилиши ҳам мумкин.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин. Жумладан, оммавий ахборот воситасининг мақсад ва вазифалари қонунчиликка зид бўлса, оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахс номидан берилган бўлса рад этилади.
Шунингдек, оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса, бундан аввал айнан бир хил ёки адаштириб юбориш даражасида ўхшаш номдаги оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилган бўлса ҳам рўйхатдан ўтказиш рад этилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА