Сўз санъатининг бетакрор сиймоси
Яхши шеър, энг аввало, кўнгилдан жой олади. Ундаги ҳар бир сўзнинг маъно-мазмуни, шоир айтмоқчи бўлган фикр китобхонни ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим сўз санъатининг жозибаси билан ўқувчиларни мафтун эта оладиган, уларни шеърият оламига ошно қиладиган бетакрор истеъдод соҳиби.
Адабиёт дунёсига ўзгача бир шиддат, тоғлар нафаси ва халқона оҳангларнинг залвори билан кириб келган ижодкорлар кам учрайди. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ана шундай ноёб сиймолардан биридир.
Унинг ижоди — шунчаки қофияланган сатрлар йиғиндиси эмас, балки инсон руҳиятининг туб-тубига қулоқ тутган, миллат дардини ўз юрагидан ўтказган улкан адабий олам. Шоир 1950 йил 13 август куни Сурхондарёнинг мафтункор ва сирли Бойсун туманида туғилган.
Бойсуннинг қадимий бахшичилик анъаналари, достонлари, тоғларнинг мағрур сукунати унинг болалик тасаввурини шакллантирган асосий омиллардан бўлди. Усмон Азимнинг ҳар бир шеърида Бойсун тупроғининг тафти, Алпомишона руҳ ва халқ оғзаки ижодининг тирик нафаси сезилиб туради.
1972 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган ижодкор дастлаб матбуот, радио ва ижтимоий соҳаларда фаолият юритган бўлса-да, унинг асл қисмати Сўз хизматида эди.
Усмон Азим адабиёт майдонига ХХ асрнинг 70-йиллари охирида кириб келди ва тез орада ўзига хос овози, бетакрор услуби билан ажралиб турди. 1979 йилда чоп этилган «Инсонни тушуниш» номли илк шеърий тўплами адабий жамоатчилик учун ҳақиқий янгилик бўлди. Шоир шеъриятнинг бош мавзуси сифатида инсон қалбини, унинг зиддиятли ва мураккаб ички оламини танлади.
Кейинчалик эълон қилинган «Ҳолат», «Оқибат», «Кўзгу», «Дарс», «Уйғониш азоби» каби ўнлаб тўпламларида у замон ва макон муаммоларини, инсоний муносабатларнинг энг нозик қирраларини юксак бадиий маҳорат билан тасвирлади. Усмон Азим шеъриятининг бош хусусияти — фикрнинг тиниқлиги ва туйғуларнинг шиддати.
Шоир фикрни ёйиб, ошкора ифодалашни хуш кўради. Бироқ, бу ошкоралик замирида теран фалсафий мушоҳада яширинган бўлади. Унинг «Бахшиёна» туркумидаги шеърлари эса ўзбек шеъриятида бутунлай янги саҳифа очди. Шоир замонавий дунёқарашни қадимий бахшиёна оҳанглар ва халқ донишмандлиги билан уйғунлаштира олди.
Усмон Азим нафақат лирик шоир, балки ўзбек театр санъати ва киноси ривожига муносиб ҳисса қўшган йирик драматург ва кинодраматург ҳамдир. Унинг Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида муваффақиятли намойиш этилган «Бир қадам йўл», «Алпомишнинг қайтиши», «Кундузсиз кечалар» каби пьесалари томошабинлар қалбидан чуқур жой олди.
Усмон Азим яратган образлар ички изтироблар билан яшайдиган, тинимсиз курашадиган ва фикрлайдиган тирик инсонлардир. Устоз ижодкор насрда ҳам ўзига хос мактаб ярата олди. Унинг «Жоду», «Адибнинг умри», «Сўнгсўзлар» каби насрий асарлари ва ҳикояларида ҳаётнинг реал манзаралари замонавий адабий усуллар билан уйғунлашиб кетади. Усмон Азим ҳикояларида воқеабандликдан кўра қаҳрамонларнинг руҳий ҳолати, рамзлар ва метафоралар кўпроқ етакчилик қилади.
Усмон аканинг ижоди фақат Ўзбекистон билан чекланиб қолмаган. Унинг шеърлари инглиз, француз, немис, турк, рус, грузин, тожик, қозоқ ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган. Туркияда шоирнинг ҳаёти ва ижодий йўлига бағишланган махсус илмий-тадқиқот китоблари ҳам нашр этилган.
Ўз навбатида, Усмон Азим жаҳон адабиётининг Поль Элюар, Фозил Ҳусну Доғларжа, Андрей Вознесенский каби йирик намояндалари асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Шоирнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, у «Ўзбекистон халқ шоири» унвони, «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона меҳнатлари учун» орденлари билан тақдирланган. Ижодкор шунингдек, бир қатор халқаро мукофотларга ҳам сазовор бўлган.
Усмон Азим бугунги кунда ҳам тинимсиз ижодий изланишда бўлган, миллий адабиётимизни замонавий жаҳон адабий тажрибалари билан бойитаётган заҳматкаш ижодкор. Шоир ёш ижодкорларга адабиёт сирларини ўргатишда фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Маърифат улашиб”, Республика ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ва бошқа кўплаб лойиҳаларининг фидойиларидан саналади. Унинг ижодий портрети тинимсиз ёниш, изтироб чекиш ва ҳақиқатни излашдан иборат қисмат кўзгусидир.
Шоир ўз ижоди орқали умрини сўзларга кўчиришни, қоғоз узра юрагини қолдиришни мақсад қилган. Шу боис унинг асарлари йиллар ўтгани сайин китобхон қалбини сеҳрлашда, унга инсон ва ҳаёт ҳақида янги дунёларни очишда давом этмоқда.
Бойсун тоғларидан бошланган соғинч, халқона оҳанг ва бахшиёна руҳ Усмон Азим шеъриятида бутун бир миллий адабий оламга айланган. Ана шу жиҳати билан шоир ижоди ўзбек адабиётининг бетакрор феноменларидан бири бўлиб қолаверади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири