Бугунги томошабинни ҳужжатли фильмга қандай жалб қилиш мумкин? (+видео)
Кинотеатрга кирган томошабин одатда экранда ўзини қизиқтирадиган воқеани кўришни истайди.
Ҳужжатли кино эса ундан бироз бошқача муносабат талаб қилади. Бу ерда саҳналаштирилган воқеадан кўра ҳақиқий ҳаёт, инсон тақдири ва реал воқелик муҳим. Аммо бугунги томошабинни ҳужжатли фильмга қандай жалб қилиш мумкин? Қандай мавзулар уни экран олдида ушлаб туради? Замонавий технологиялар ва янги тасвирий воситалар ҳужжатли кинони қанчалик ўзгартиряпти?
Фанлар академияси санъатшунослик институти “Кино санъати ва аудиовизуал тадқиқотлар” бўлими кичик илмий ходими Гулноза Шарафованинг фикрича, бугун ҳужжатли кино олдидаги энг муҳим вазифалардан бири — ҳақиқийликни сақлаган ҳолда томошабинга қизиқ бўла олиш.
— Ҳужжатли кино фақат воқеани тасвирга олишдан иборат эмас. Унинг қиммати шундаки, бугунги ҳаётни эртанги кун учун сақлаб қолади,—дейди Г. Шарофова. — Инсоннинг тақдири, жамиятдаги ўзгаришлар, оддий одамларнинг ҳаёти — буларнинг барчаси вақт ўтиши билан тарихга айланади.
Илгариги ҳужжатли фильмларга назар ташласак, оддий инсон ҳаётини кўпроқ кўрамиз. Кимдир ер қазияпти, кимдир меҳнат қиляпти, хонадонда оддий юмушлар бажариляпти. Яъни ҳаёт қандай бўлса, камера уни шундайлигича кузатган. Бугун эса ҳужжатли кинонинг тили анча ўзгарди.
Ҳозир фильмларда анимация, бадиий саҳналар, архив материаллари, замонавий графика ва бошқа тасвирий воситалардан фойдаланиляпти. Жанрлар ҳам бир-бирига яқинлашмоқда. Бу, албатта, ҳужжатли кино учун янги имкониятлар очади. Лекин энг асосий масала — ана шу воситалар ортида ҳақиқий воқелик йўқолиб қолмаслиги.
Чунки томошабинни фақат чиройли кадр билан ушлаб туриб бўлмайди. У фильмда ўзига таниш ҳаётни, инсонни, унинг кечинмаларини кўриши керак. Ҳужжатли фильмнинг таъсири ҳам шунда.
Бугун ўзбек ҳужжатли киносининг яна бир муаммоси — фильм яратилгандан кейин унинг томошабинга етиб бориши. Бадиий фильм ёки сериални кўриш учун платформалар кўп. Ҳужжатли фильмлар эса кўпинча тор доирада қолиб кетади. Катта экранларда намойишлар, махсус платформалар, ҳужжатли кинони тарғиб қиладиган лойиҳалар етарли эмас.
Аслида бизда томошабинни қизиқтирадиган мавзулар жуда кўп. Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари, тарихий шахслар, илм-фан, маданият, миллий қадриятлар, оддий инсонларнинг тақдири — буларнинг ҳар бири яхши ҳужжатли фильм учун асос бўла олади.
Айниқса, ёшлар учун ҳужжатли кинони янги тилда тақдим этиш керак. Уларга тарихни шунчаки гапириб бериш эмас, балки инсон тақдири орқали кўрсатиш, воқеани ҳис қилдириш муҳим. Томошабин фильмни кўриб, «Бу воқеа менга нима беради?» деган саволга жавоб топса, демак, кино ўз вазифасини бажарган бўлади.
Шунинг учун бугун ҳужжатли кино ижодкорлари олдида икки муҳим вазифа турибди: ҳақиқатни кўрсата олиш ва томошабинни йўқотмаслик. Бунинг учун мавзуни тўғри танлаш, инсон омилига эътибор бериш, замонавий тасвирий имкониятлардан ўринли фойдаланиш ва энг муҳими, тайёр фильмни томошабинга етказиш йўлларини ҳам ўйлаш керак.
Н. Раҳмонова, Н.
Абдувоитов (видео), С. Обиджонов (монтаж), ЎзА