Хивада “Янги Ўзбекистон мушоираси”
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 17-18 август кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Хивада “Янги Ўзбекистон мушоираси”ни ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди. Зеро, қадимий шаҳарда бундай анжуманни ўтказиш, шеъриятни тарих билан юзлаштириш, бугунги ижодкорларни улуғ аждодларимиз руҳи билан мулоқотга чорлаш демакдир.
Шу муносабат билан қадимий ва ҳамиша навқирон “Янги Ўзбекистон мушоираси” номли адабий анжуман бўлиб ўтди.
Республикамизнинг турли ҳудудларидан анжуманга келган таниқли ёзувчи ва шоирлар Хива темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.
Меҳмонлар дастлаб Хивадаги Огаҳий ижод мактабида бўлиб, у ерда таҳсил олаётган шеъриятга, адабиётга ихлоси баланд ўқувчилар билан учрашдилар. Самимий мулоқотлар, мактабдаги яратилган шароитлар уларда катта таассурот қолдирди.
Ёш ижодкорлар билан бўлиб ўтган адабий учрашув илҳом ва ижод байрамига айланиб кетди.
Учрашувда мамлакатимизнинг таниқли ижодкорлари Янги Ўзбекистонни мадҳ этувчи шеърлар ўқиб, воҳада амалга оширилаётган янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари, янги ўзгаришлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ижодий таассуротларга бой бўлган тадбир давомида мактабдаги ижодкор ёшлар ҳам ўзлари ёзган шеърларидан ўқиб беришди ва саволларига атрофлича жавоб олди.
Анжуманнинг асосий тадбирлари иккинчи куни бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистон мушоираси” номли адабий анжуманнинг очилиш маросимида Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов иштирок этиб, вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимовнинг мушоира иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид адабий ислоҳотларнинг бугунги шодиёнаси билан ижод аҳлини қутлади.
Мушоирада Усмон Азим, Маҳмуд Тоир, Хосият Бобомуродова, Рустам Мусулмон, Фарида Афрўз, Мунаввара Усмонова, Гавҳар Ибодуллаева, Зебо Мирзо, Салим Ашур, Меҳрибон Абдураҳмонова, Ибодат Ражабова, Сайёра Самандар, Шодмон Сулаймон, Муҳаммадсиддиқ Раҳматов, Даврон Ражаб каби устоз адиблар ҳамда бир гуруҳ ёш ижодкорлар иштирок этди.
[gallery-31496]
Ижодкорлар Ватан ва юрт тараққиётини тараннум этувчи шеърларини ўқиб, Янги Ўзбекистонда кечаётган янгиланиш жараёнлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва уларнинг инсонлар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Янги Ўзбекистоннинг кейинги ўн йиллигига назар солсак, фахру ифтихордан қалблар тўлқинланиб, яна ва яна ижод қилгинг, бу ўзгаришларни мадҳ этгинг келади, – дейди Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Бу тарихий воқеалар Хоразм элида, хоразмлик ижодкорларнинг кўз ўнгида ҳам рўй бермоқда. Воҳалик шоирлар ва ёзувчиларнинг адабиётимиздаги ўрни жуда катта. Улар бугун жуда сермаҳсул ижод қилишмоқда. Нима учун давлатимиз раҳбари томонидан мана шу мушоирани ўтказиш учун айнан Хоразм тупроғи танланди дейилганда, албатта, “Гул тожида шеърият нурлари ялтираб турган порлоқ диёрдур” дейман. Устозларимиз сўзи билан айтганда, “Кимлигимни билардим озроқ, билар эдим суюклигимни. Амударёни кечганда бироқ, билиб қолдим буюклигимни”.
Тадбир давомида ижодкорларнинг Ватан, юрт, инсон қадри ва миллий ўзлик мавзуларидаги шеърлари янгради. Самимий мулоқот ва бадиий чиқишлар мушоира иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлаб, адабиётнинг жамият маънавий ҳаётидаги муҳим ўрнини яна бир бор намоён этди.
– “Янги Ўзбекистон мушоираси” нафақат ижод аҳлини бир даврада жамлаган адабий тадбир, балки замонавий ўзбек шеъриятининг бугунги руҳини акс эттирувчи маънавий-маърифий мулоқот майдони сифатида ҳам аҳамиятли бўлди, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоиров. – Ўйлаймизки, Хивада бошланган бу мушоира Янги Ўзбекистон адабиётининг янги анъанасига, ижодкорлар ўртасидаги янги ҳамкорлик майдонига айланади. Бу ташаббус ижодкорларни бир даврага жамлашдан кўра кенгроқ маънога эга.
Адабиёт ва шеъриятнинг эзгу сўзи, ижодкорларнинг самимий туйғулари уйғунлашган ушбу мушоирада она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга эҳтиром ва юртимиздаги янгиланишлар руҳи ўзининг бадиий ифодасини топди.
Тадбир давомида Халқ шоирлари қаторида ёш қаламкашлар ҳам ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар. Шунингдек, санъаткорларнинг куй-наво, ўйноқи дилбар қўшиқлари даврага файз улашди.
Анжуман сўнггида меҳмонлар Хивадаги сўнгги пайтларда амалга оширилган бунёдкорлик лойиҳалари ҳамда қадимий “Ичан қаъла” мажмуасига саёҳат қилдилар.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари