Сирдарёда тил байрами кенг нишонланди
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамиятини кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тил маданиятини юксалтиришга қаратилган қатор маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказилди.
Байрам тантаналари Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги «Билимдонлар маскани»да бошланди. Маросимда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров, шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, таълим тизими ходимлари, ижод аҳли, миллий маданий марказлар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.
Тадбир доирасида буюк мутафаккир, ўзбек адабиётининг улуғ намояндаси Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Мазкур рамзий маросим орқали халқимизнинг она тилимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аждодимиз меросига юксак эҳтироми ифодаланди.
Байрамнинг асосий қисми вилоят мусиқали драма театрида «Ўзбек тили — миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли!» мавзусидаги маънавий-маърифий ва маданий дастур билан давом этди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев вилоят раҳбарининг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Унда давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, унинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, ёш авлодни она тилига ҳурмат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
«Тилнинг қадри фақат унга мақом бериш билан эмас, балки уни эъзозлаш, асраш, ривожлантириш ва кундалик ҳаётимизда муносиб қўллаш билан белгиланади» деган мазмундаги фикрлар байрамнинг асосий ғоясини ифодалади.
[gallery-32089]
Табрик якунида иштирокчилар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган қутлуғ сана билан самимий муборакбод этилди. Она тилимизни асраб-авайлаш, унинг нуфузини юксалтириш ва ёшлар ҳаётида кенг қўлланилишини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканига урғу берилди.
Сирдарё вилоятида сана муносабати билан амалга оширилган ишлар хусусида вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов қуйидаги фикрларни билдирди:
— Бу йил Сирдарёда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун ўзгача нишонланмоқда. Ушбу сана арафасида вилоятда диктант ва иншолар танловлари, билимдонлар кўрик-танловлари, шунингдек, турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Улар нафақат Гулистон шаҳрида, балки вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотларида ҳам ўтказилди. Тадбирларда иштирок этганлар миллат бойлиги ва давлатчилик тимсоли бўлган она тилимизга бўлган ҳурмат-эҳтиромини намоён этдилар. Энг муҳими, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана муносабати билан тадбирлар давом этмоқда.
Байрамда турли миллат вакилларининг иштироки ҳам тадбирга алоҳида мазмун бағишлади. Уларнинг фикр-мулоҳазалари ўзбек тилининг халқлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган Озарбайжон миллий маданий маркази вилоят бўлими раҳбари Азиз оға Байрамов ҳам ўзбек тилининг халқларни бирлаштирувчи аҳамияти ҳақида тўхталди:
— Ўзбек тили байрами нафақат ўзбек халқи, балки биз, озарбайжонлар учун ҳам қувончли байрамдир. Ота-боболаримиз бу юртга 1938 йилда келиб, шу заминда яшаб, меҳнат қилиб, фарзандларини вояга етказган. Биз шу юртда туғилиб, улғайдик, ҳаётда ўз ўрнимизни топдик. Бугунги кунда Сирдарё вилоятида истиқомат қилаётган озарбайжонлар сони уч минг нафардан ошади. Юртдошларимиз ўзбек тилида эркин мулоқот қиладилар. Зеро, ўзбек тили биз учун ҳам қадрли ва яқин тилга айланган. Энг муҳими, халқларимиз ўртасидаги қуда-андачилик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Икки қардош халқнинг урф-одатлари ва анъаналарида айрим фарқлар бўлса-да, мақсадларимиз муштарак. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона муносабатлар тобора ривожланаётганидан мамнунмиз. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган Озарбайжон миллий маданий маркази номидан барча юртдошларимизни самимий табриклайман.
Дарҳақиқат, давлат тилига ҳурмат — умумий Ватанга садоқат, миллий қадриятларга эҳтиром ва халқлар ўртасидаги дўстликнинг муҳим ифодасидир. Турли миллат вакилларининг ўзбек тилига бўлган ҳурмати жамиятимиздаги бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Вилоят мусиқали драма театридаги байрам дастури театрлаштирилган концерт билан давом этди. Ёш ижодкорлар ва театр жамоаси ижросидаги саҳна кўринишлари, қўшиқлар ва шеърлар томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлади. Бадиий чиқишларда ўзбек тилининг жозибаси, миллий қадриятларимиз, Ватанга муҳаббат ва аждодлар меросига садоқат ғоялари ўз ифодасини топди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА