Қадринг баланд бўлсин, она тилим!
Инсоннинг ўзлиги, маънавияти унинг она тилига бўлган муносабатида яққол намоён бўлади. Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги мавқеи ва мақомини юксалтириш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги муҳташам ва тароватли Миллий боғ эрта тонгданоқ гавжум бўлди.
Кузнинг нафис ҳавоси қоришган ушбу донишмандлик ва маърифат масканида тилимизга, миллий ўзлигимизга ва буюк аждодларимизга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиром яққол сезилиб турди. Майдонда баланд янграётган мумтоз наволар ва Навоий ғазаллари йиғилганлар қалбига янада фахр ва ғурур бағишлади.
Она тилимизни асраб-авайлаш, унинг юртимиз ва халқаро миқёсдаги нуфузини янада юксалтириш, ёш авлодда ўзбек тилига бўлган ҳурмат ва эҳтиромни кучайтириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада миллий қонунчилигимизнинг изчил такомиллаштирилаётгани она тилимиз равнақи йўлида янги истиқболларни очмоқда.
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида она тилимиз ривожига бағишланган тадбирлар, маърифий лойиҳалар, анжуманлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Кенг жамоатчилик ҳамда нуронийлар, ижодкор зиёлилар буюк шоир бобомиз Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.
[gallery-32085]
Шу куни пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбони”да она тилимизни тараннум этишга оид ижодий учрашувлар, мулоқотлар бўлиб ўтмоқда. Дарҳақиқат, Алишер Навоий ҳайкали пойида туриб, она тилимизнинг нақадар бой ва жозибадор эканини яна бир бор ҳис этамиз. Тил бу миллатнинг руҳи, унинг асрлар оша яшаб келаётган хотирасидир. Бугунгидай байрамлар ёшларимиз қалбида ўз тилига бўлган муҳаббат ва фахр туйғусини янада мустаҳкамлайди.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб тадбирлар давом этмоқда.
Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (суратлар), ЎзА