Она тили Янги Ўзбекистоннинг
Шеърият
Ўрхун битиклари – ибтидо сўзим,
Қошғарий девони – бир нидо сўзим.
Чиғатойни туркий сари чорлаган,
Ҳазрат Навоийга тасанно – сўзим!
Ўзингсан маҳсули мозий уммоннинг,
Она тили Янги Ўзбекистоннинг
“Миллатнинг ойнаи ҳаёти” ўзинг,
Туркистон улусин имдоди ўзинг.
Юз йил ортидаги яловбардорлар,
Аҳли жадидларнинг муроди ўзинг.
Гувоҳисан ўшал қонли тўфоннинг,
Она тили Янги Ўзбекистоннинг
Мустабидлик қайдан? Тилдан бошланур,
Луғатда адашган элдан бошланур.
Ғайризабонликда яшаган юртнинг,
Наинки кўзлари, ори ёшланур.
Етмиш йил кўтардинг қаҳрин замоннинг,
Она тили Янги Ўзбекистоннинг.
Бугун жаҳоншумул машварлардасан,
Дунё қулоқ тутар минбарлардасан,
Баралла янграйди ўзбек каломи
Шунданким, бемисл зафарларда сан.
Рўёбини кўрдинг асрий армоннинг,
Она тили Янги Ўзбекистоннинг.
Аллангнинг садоси дил афгоридан,
Ёр-ёринг нишона бахт кавсаридан
Тўртта сўз бириккан битта мақолинг
Устундир дунёнинг шоҳ асаридан
Ўзингсан гавҳари шеъру-достоннинг
Она тили Янги Ўзбекистоннинг.
Меросларинг битмас, ким охир этсин,
Эллар элатларни хуш, сохир этсин
Жаранг сочаверсанг олам аро сен,
Биз фахр этмайин, ким фахр этсин!
Абад соҳиби бўл шавкату- шоннинг
Она тили Янги Ўзбекистоннинг!
Назира Матяқубова