Шиддат ва назокат уйғунлиги
Инсон умрининг ҳақиқий салмоғи унинг яшаган йиллар сони билан эмас, эл-юртга қилинган хизмати, одамлар қалбида қолдирилган меҳри билан ўлчанади.
Шу маънода, Лутфия Рўзибоеванинг 85 йиллик ҳаёт йўли оддий таржимаи ҳол эмас, балки санъат, тарбия, жамоатчилик фаоллиги ва ватанпарварликни муштарак мақсадга бирлаштирган ибратли умр мактабидир. Бу йўлнинг ҳар бир босқичида қатъият, ташаббус, одамларга ишонч, миллий маданиятимизни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга етказиш масъулияти мужассам.
Тарихимизга назар ташласак, Тўмарис – матонат ва Ватан ҳимоячиси, Бибихоним – бунёдкорлик ва маърифатпарварлик ҳомийси, Нодирабегим – шеърларида аёл қалби кенгликларини кўрсата олган, нозик тафаккур ва ижтимоий масъулият эгаси, Увайсий – маънавий жасорат соҳибаси, Зулфияхоним – садоқат ва нафосатнинг ёрқин тимсоли бўлиб келади. Бу зотлар турли давр, замонларда яшаган бўлса-да, барчасини масъулият, ундан бир қарич ҳам чекинмаслик, одамларга эзгулик улашиш ва ўз ортидан нурли из қолдириш фазилати бирлаштириб туради.
Лутфия опани ўзига хос шиддати, ташкилотчилиги, ёшлар қалбига миллий руҳни сингдиришга бўлган чексиз муҳаббати ва бу йўлдаги ҳаракатлари билан ана шу қутлуғ анъананинг муносиб давомчиларидан бири, дейиш мумкин.
Самарқанд заминида дунёга келган Лутфия Рўзибоева ёшлигидан санъат ва саҳна сирларига ошно бўлди. Тошкент театр ва рассомчилик институтида олган таълими унга актёрлик маҳорати, бадиий дид ва инсон руҳиятини англаш қобилиятини берди; журналистика ҳамда режиссёрлик тажрибаси эса воқеликни теран кузатиш, ғояни таъсирчан образга айлантириш ва катта жамоани умумий мақсад сари бошлашни ўргатди. Кейинги таҳсил ва раҳбарлик мактаблари бу табиий истеъдодни қатъий интизом, кенг дунёқараш ва юксак масъулият билан бойитди. Шу боис унинг фаолиятида ижодкорнинг қалб сезгирлиги билан раҳбарнинг талабчанлиги табиий уйғунлашиб келди.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясидаги кўп йиллик режиссёрлик фаолияти Лутфия опанинг ижодий тафаккури тобланган катта мактаб бўлди. Телевидение – бир лаҳзалик тасвир орқали минглаб қалбларга таъсир кўрсатадиган мураккаб санъат; унда ҳар бир кадр, овоз, ҳаракат муайян ғояга хизмат қилади. Лутфия Рўзибоева ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда кўплаб маданий дастурлар ва ижодий лойиҳаларнинг мазмунан пухта, бадиий жиҳатдан таъсирчан бўлишига муносиб ҳисса қўшди.
Саҳна ортидаги меҳнат кўпинча кўзга ташланмайди, аммо томошабин қалбига етиб борган ҳар бир муваффақиятли дастурда режиссёрнинг тафаккури, сабри ва зеҳни мужассам бўлади.
Унинг меҳнат йўли санъат соҳаси билангина чекланмади. Жамоат ва ташкилий ишлар, масъул раҳбарлик вазифалари Лутфия опанинг нақадар серқирра шахс эканини кўрсатади. Турли муҳитларда фаолият юритиш унга одамларни тинглаш, вазиятни тез англаш, мураккаб шароитда оқилона қарор қабул қилиш ва жамоани ягона мақсад атрофида бирлаштириш маҳоратини берди. Кейинчалик бу фазилатлар “Ўзбегим ёшлари” ансамблининг шунчаки ижодий жамоа эмас, балки юксак тарбия ва миллий ғурур мактабига айланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Лутфия Рўзибоевага берилган “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” ва “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” каби фахрий унвонлар унинг кўп йиллик меҳнатига муносиб баҳодир. Бироқ у кишининг энг катта мукофоти – саҳнада ўз йўлини топган шогирдлари, миллий санъатга ошно бўлган минглаб ёшлар ва унинг меҳрини ҳис этган инсонларнинг самимий ҳурматидир. Чинакам устоз учун эътирофнинг энг юксак кўриниши ҳам шу: у тарбиялаган инсонлар ўз салоҳиятини халқ манфаати йўлида намоён этади ва устоздан олган маънавий сабоқни кейинги авлодга етказади.
“Ўзбегим ёшлари” ансамбли Лутфия опанинг ҳаёт йўлидаги энг ёрқин ва мазмундор саҳифалардан биридир. У раҳбарлик қилаётган жамоада санъат билан тарбия, маҳорат билан одоб, саҳна маданияти билан миллий ғурур бир-биридан ажралмайди. Ёш ижрочи яхши куйлаши ёки маҳорат билан рақсга тушиши билангина комил санъаткор бўлиб қолмайди. У ўз халқининг тарихи, урф-одатлари, тили ва маънавий қадриятларини англаши, жамоа олдидаги масъулиятини ҳис этиши, саҳнада Ватан шаънини ифода этаётганини унутмаслиги зарур. Лутфия опа шогирдларига айнан шу ҳақиқатни сингдириб келди.
Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган ҳикмати Лутфия Рўзибоеванинг мураббийлик фаолияти моҳиятини жуда аниқ ифодалайди. У ёшлардаги истеъдодни кўриш билан кифояланмади; уларнинг иродасини тоблади, меҳнат маданиятини шакллантирди, миллий қадриятларга садоқат ва саҳна интизомини талаб қилди. Шу боис ансамблдан етишиб чиққан икки мингдан зиёд шогирд орасида таниқли санъаткорлар, халқ ва хизмат кўрсатган артистлар, нуфузли давлат мукофотлари соҳиблари бор. Бу натижалар бир кунлик омад эмас, балки йиллар давомидаги талабчан меҳр, ишонч ва изчил тарбиянинг самарасидир.
Ансамблнинг мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, олис маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва Ватан сарҳадларини қўриқлаётган аскарлар ҳузурида ўтказган маданий-маърифий тадбирлари санъатнинг ҳақиқий ижтимоий вазифасини намоён этди. Лутфия опа учун концерт фақат саҳна кўрки ёки томошабин олқиши эмас, у инсон қалбига далда бериш, миллий руҳни мустаҳкамлаш ва одамларни эзгу мақсад атрофида бирлаштириш воситасидир. Шунинг учун жамоа қаерда чиқиш қилмасин, ўша масканда куй ва рақс билан бирга меҳр, умид ва Ватанга муҳаббат муҳити ҳам қарор топди.
“Ўзбегим ёшлари”нинг халқаро саҳналардаги фаолияти миллий маданиятимизнинг жозибасини дунёга намоён этди. Франция, Италия, Португалия, Словакия, Малайзия, Жанубий Корея, Индонезия, Эрон ва бошқа мамлакатлардаги чиқишлар орқали ўзбек қўшиғи, рақси, миллий либослари ва урф-одатлари турли халқлар қалбига йўл топди. Ансамблнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги CIOFF ташкилотига қабул қилиниши, Италиядаги халқаро ёшлар фестивалида миллий мусиқа, санъат ва таомларимиз тарғиботи бўйича юксак эътирофга сазовор бўлиши жамоанинг бадиий салоҳияти ва ташкилотчилик маданиятидан далолат беради. Бу ютуқлар ортида ҳар бир дастурни пухта ўйлаб, Ватан шаънини ҳамиша устун қўядиган Лутфия опанинг фидокорона меҳнати туради.
Унинг маданиятга хизмати саҳна ва гастроллар билан чекланмаган. Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ҳамда Қорақалпоқ давлат филармониясига саҳна либосларини беғараз тақдим этиши, қорақалпоқ диёридаги байрам ва тадбирларда шогирдлари билан мунтазам иштирок этиши қалбидаги саховат ва қардош халқлар маданиятига бўлган эҳтиромнинг амалий ифодасидир. Чинакам маданият арбоби ўз ютуғини фақат шахсий муваффақият сифатида қабул қилмайди; у имкониятини бошқалар билан баҳам кўриб, умумий маънавий муҳитни бойитишга интилади. Лутфия опанинг бутун фаолиятида ана шу олижаноб фазилат устувор бўлиб келган.
Аёлнинг буюклиги кўпинча бир вақтнинг ўзида бир неча дунёга нур бера олишида намоён бўлади: у оилада меҳр манбаи, меҳнат жамоасида таянч, шогирдлар учун устоз, жамият учун фаол фуқаро бўла олади. Лутфия опа ана шу фазилатларни табиий уйғунлаштирган инсонлардан. У кишининг назаридан саҳнадаги тартиб ҳам, шогирднинг кайфияти ҳам, оиладаги тарбия ҳам, жамоанинг обрўси ҳам четда қолмайди. Ана шу кенг қамровли масъулият унинг характери ва ҳаёт мезонини белгилайдиган энг муҳим жиҳатлардан биридир.
Лутфия Рўзибоеванинг ҳаёт йўли ёш авлод учун теран маънавий сабоқларни мужассам этади. Истеъдод меҳнат ва интизом билан қўллаб-қувватлангандагина тўлиқ рўёбга чиқади. Ҳақиқий раҳбар эса вазифа тақсимлаш билангина чекланмай, инсонларнинг имкониятини очади, уларга ишонч бағишлайди ва умумий мақсадга эргаштиради. Миллий маданиятни дунёга танитиш учун унинг ташқи жилосини эмас, аввало ички руҳини чуқур англаш зарур. Энг муҳими, инсоннинг жамиятдаги ўрни лавозими билан эмас, бошқалар тақдирига қанчалик эзгу таъсир кўрсата олгани билан белгиланади.
85 ёш – донишмандлик, эъзоз ва сарҳисоб фасли. Бу муборак паллада инсон босиб ўтган йўлининг маъносини шогирдлар меҳрида, фарзандлар камолида, ҳамкасблар ҳурматида ва халқ эътирофида кўради. Лутфия опанинг умр дафтари ана шундай нурли саҳифаларга бой ва ҳавас қилгулик.
Қаландар Абдураҳмонов,
Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги