“Марказий Осиё – Япония” таҳлилий марказлари биринчи форуми бошланди
Тошкентда “Марказий Осиё – Япония” таҳлилий марказларининг биринчи форуми иш бошлади.
Икки кунлик анжуман Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасида экспертлик ҳамкорлигини ривожлантириш, мавжуд келишувларни амалий мазмун билан бойитиш ва шерикликнинг янги йўналишларини белгилашга қаратилган.
Тадбирда Япония, Марказий Осиё давлатлари ҳамда Озарбайжондан етакчи таҳлилий марказлар, илмий-тадқиқот муассасалари масъуллари, дипломатлар, тегишли вазирлик, идоралар мутасаддилари, олимлар, экспертлар ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этяпти.

Форумни ўтказиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил декабрь ойида Токиода бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти биринчи саммитида илгари сурилган. Айнан шу анжуман туфайли томонлар ҳамкорлиги давлат раҳбарлари даражасига кўтарилди. Саммит якуни бўйича Токио декларацияси қабул қилинди. Истиқболли 3 устувор йўналиш – “Яшил ривожланиш ва барқарорлик”, “Ўзаро боғлиқлик”, “Инсон капиталини ривожлантириш” белгилаб олинди.
Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов қайд этишича, бугун сиёсий келишувни аниқ лойиҳа ва натижалар билан мустаҳкамлаш муҳим.

– Томонларда аллақачон мустаҳкам сиёсий асос ва аниқ устувор йўналишлар мавжуд, – деди у. – Энди режани аниқ лойиҳа ва натижага айлантириш зарур. Саммит йўналишни белгилайди. Ҳукумат тегишли доиралар яратади. Тадбиркор амалий иш қилади. Таҳлилий марказлар эса таклиф ишлаб чиқиш, янги имкониятни аниқлаш ва эришилган натижани баҳолаш орқали ушбу босқичларни ўзаро боғлайди.

Япониянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кенжи Хирата Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти халқаро ҳамжамият томонидан тобора кенг эътироф этилаётганига урғу берди. Унинг сўзларига кўра, Токио саммити 6 давлат ҳукумати учун келгуси аниқ мўлжални белгилаб берди.

Япония Ташқи ишлар вазирининг парламент масалалари бўйича ўринбосари Эри Арфия эксперт ва академик доираларнинг айни жараёндаги ўрнига эътибор қаратди. Токио декларацияси асосида Япония Марказий Осиё мамлакатлари билан амалий ҳамкорликни давом эттириш ва қўшма ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ниятида эканини яна бир бор тасдиқлади.

Токио университети Осиё бўйича илғор тадқиқотлар институти профессори Жин Сато икки минтақа ўртасидаги тарихий алоқаларга тўхталди. Унинг фикрича, Буюк ипак йўли орқали шаклланган алоқаларни бугун янгидан барпо этиш эмас, балки “қайта кашф этиш”, замонавий мазмун билан бойитиш лозим.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети проректори, Цукуба университети профессори Тимур Дадабоев Япония ва Марказий Осиё ўртасида ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида чуқур “ишонч захираси” шаклланганини таъкидлади. Энди шу ишончни мустаҳкам иқтисодий шерикликка айлантириш, анъанавий ёрдамдан инвестиция, савдо, технология ва қўшма ишлаб чиқаришга ўтиш зарур. Айни жараёнда маҳаллий қайта ишлаш, транспорт, рақамли боғлиқлик, малакали кадрлар тайёрлаш ва ходимлар мобиллигини ривожлантириш ҳам долзарб.
Анжуман доирасида бир неча мавзу алоҳида таҳлил қилинди: “Марказий Осиё+Япония” мулоқотини янада ривожлантириш, “яшил” трансформация ва энергетика хавфсизлиги, муҳим минерал ресурслар, транспорт ва рақамли боғлиқлик, сунъий интеллект, инсон капитали, таълим, илмий алмашинув ва экспертлик ҳамкорлигини кенгайтириш.
Дастлабки йиғилишларда қатор амалий таклифлар билдирилди. Хусусан, логистикадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, япон сармояси жалб қилинишини кучайтириш, Жанубий Кавказнинг Ўрта йўлакдаги имкониятидан унумли фойдаланиш, “Ўзбекистон – Япония – Афғонистон” уч томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари илгари сурилди. Шунингдек, табиий ресурсларни мониторинг қилишга сунъий йўлдош технологиясини жорий этиш ва водород энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш имконияти кўриб чиқилди.
Мулоқот якунида Токио декларациясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА