Шахмат олимпиадасида санитария-эпидемиологик хавфсизлик таъминланади
Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, III Парашахмат олимпиадаси ва Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) конгрессига сўнгги тайёргарлик юмушлари амалга оширилмоқда. Эртадан мазкур нуфузли тадбирлар расман бошланади.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси
Самарқандга келадиган мусобақа иштирокчилари ва меҳмонларнинг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича ҳам мутасадди идоралар томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хорижий ва маҳаллий спорт жамоалари, нуфузли меҳмонлар, ҳакамлар ва мухлисларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида санитария-гигиена ва эпидемиологик тадбирлар кучайтирилган тартибда ташкил этилмоқда. Бунинг учун вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида 7 нафар малакали мутахассисдан иборат штаб ташкил этилган.
– Биз учун асосий вазифа олимпиада иштирокчилари ва меҳмонлари учун хавфсиз санитария муҳитини яратиш, – дейди санэпидқўмита Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Латиф Рустамов. – Шу боис тадбир бошланишидан анча олдин барча объектларни босқичма-босқич ўрганиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, лаборатория назоратини кучайтириш ва зарур захираларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратдик. Тадбир давомида эса санитария-эпидемиологик ҳолатни узлуксиз мониторинг қилиб борамиз. Олимпиадага жалб этилган меҳмонхоналар, ресторан ва кафелар, аэропорт ва темир йўл вокзали, тарихий обидалар, “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази ва бошқа объектларда санитария назорати кучайтирилди. Мазкур объектларда санитария талабларига риоя этилишини таъминлаш учун 107 нафар ходим масъул этиб бириктирилди.

Шунингдек, ташқи муҳитнинг физик ва эпидемиологик омилларини назорат қилиш мақсадида 2 та мобил лаборатория гуруҳи ташкил қилиниб, уларга 14 нафар лаборатория ходими жалб этилди. Улар меҳмонлар саломатлигига таъсир қилиши мумкин бўлган омилларни жойида тезкор аниқлаш ва баҳолаш имконини берувчи замонавий приборлар ҳамда зарур лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.
Бундан ташқари, олимпиада иштирокчиларига хизмат кўрсатадиган меҳмонхона, ресторан, кафе ва бошқа объектлардаги санитария-техник ҳолат, муҳандислик коммуникациялари, ичимлик ва иссиқ сув, канализация, вентиляция, ёритиш, технологик ва совитиш ускуналари ўрганилиб, хулосалар берилди.

Назорат тадбирлари якуни бўйича объект раҳбарларига санитария талабларини бажариш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди ва ижроси назоратга олинди. Лаборатория назорати доирасида микроиқлим, ёритилганлик, шовқин, ҳавонинг газланиш-чангланиш даражаси, радиация фони ва ёпиқ бинолар ҳавосининг бактериологик ҳолати бўйича кенг қамровли текширувлар ўтказилди.
Таҳлиллар натижасига кўра атмосфера ҳавосининг санитария-кимёвий кўрсаткичлари, ташқи муҳитнинг физик омиллари, радиация фони ва ёпиқ бинолар ҳавосининг бактериологик ифлосланиш даражаси белгиланган санитария талабларига мувофиқ экани аниқланди.
Тадбирга тайёргарлик доирасида барча объектларда профилактик дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ишлари ҳам амалга оширилди. Бунинг учун 5 та дезинфекцион бригада ташкил этилиб, уларга 18 нафар дезинфектор ва дезинструктор бириктирилди.

Шу билан бирга, иштирокчилар жойлашадиган меҳмонхоналар ва тиббий хизмат кўрсатишга жалб этилган тиббиёт муассасаларида санитария назорати ташкил этилди. Зарур ҳолатларда беморларни алоҳидалаш учун изоляторлар ва тиббий пунктлар тайёр ҳолатга келтирилди.
Умуман, мусобақа иштирокчиларининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ишларига 150 нафарга яқин соҳа мутахассислари жалб этилган бўлиб, уларнинг тезкор фаолияти учун зарур автотранспорт воситалари ҳам ажратилган.
Айни вақтда олимпиада давомида санитария-эпидемиологик ҳолатни мониторинг қилиш, лаборатория назоратини олиб бориш, озиқ-овқат ва ичимлик суви хавфсизлигини таъминлаш ҳамда профилактик тадбирларни давом эттириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири