Суперлига: «Пахтакор» ва «Нефтчи» бугун ўйнайди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 21-тур баҳслари бугун бошланади ва 11 сентябрь кунига қадар давом этади. Турнинг дастлабки кунида учта учрашув ўтказилади.
Куннинг илк баҳси Олмалиқда ОКМК ва «Пахтакор» жамоалари ўртасида кечади. Учрашув соат 18:30 да бошланади. Мазкур беллашув олдидан жамоаларнинг миллий чемпионатдаги ўзаро ўйинларига оид айрим статистик маълумотларни келтирамиз.
Жамоалар Суперлига (олий лига) тарихида шу кунга қадар 37 марта ўзаро майдонга тушган. Уларнинг 24 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган, 5 та учрашув дуранг билан якунланган, ОКМК эса 8 марта зафар қучган. Голлар нисбати ҳам «Пахтакор» фойдасига — 64:30. Олмалиқдаги 18 учрашувнинг 13 тасида пойтахт клуби ғалаба қозонган, 5 та баҳсда ОКМК устун келган. Бу ўйинларда «Пахтакор» 33 та гол урган ва 14 та тўп ўтказиб юборган.
Айни пайтда «Пахтакор» 43 очко билан Суперлига жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. ОКМК эса 32 очко билан бешинчи поғонани эгаллаб турибди.

Турнинг яна бир учрашуви Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида соат 19:00 да бўлиб ўтади. Унда «Нефтчи» ва «Сурхон» клублари ўзаро рақобатлашади. Айни дамда «Нефтчи» 45 очко билан Суперлига жадвалида пешқадам бўлиб турган бўлса, «Сурхон» 23 очко билан 12-ўринда бормоқда.
Жамоалар ҳозиргача 33 марта ўзаро баҳслашган. Уларнинг 22 тасида «Нефтчи» ғалаба қозонган бўлса, 10 та учрашув дуранг билан якунланган. «Сурхон» эса бир марта зафар қучган. Голлар нисбати — 77:24 «Нефтчи» фойдасига.
Ўзаро сўнгги беш учрашувда ҳам фарғоналиклар мағлубиятга учрамаган. Бу баҳсларнинг иккитасида «Нефтчи» ғалаба қозонган, учтаси дуранг билан якунланган. Сўнгги учрашувда эса «Нефтчи» сафарда «Сурхон»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган.
Куннинг учинчи баҳси Қаршида ўтказилади. «Марказий» стадионда «Насаф» «Бунёдкор»ни қабул қилади. Учрашув соат 19:00 да бошланади.

21-турнинг қолган учрашувлари 10 ва 11 сентябрь кунлари ўтказилади, қуйида ушбу кунда бўлиб ўтадиган ўйинлар билан танишасиз:
10 сентябрь:
«Динамо» — «Қизилқум» — 19:00
«Андижон» — «Қўқон-1912» — 19:00
«Хоразм» — «Сўғдиёна» — 20:00
11 сентябрь:
«Локомотив» — «Машъал» — 19:00
«Бухоро» — «Навбаҳор» — 19:00
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА