Сенат: Зарафшон шаҳри ва Томди тумани чегаралари ўзгартирилади
Сенат ялпи мажлисида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Мазкур масала бўйича фикр билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева ҳудудларни ривожлантириш масаласи Президентимиз томонидан барча ҳудудлар, жумладан, Навоий вилояти учун ҳам устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилганини таъкидлади.
– Ҳудудлар чегараларини мақбуллаштириш эса ушбу вазифаларни амалга оширишнинг муҳим механизмларидан биридир, – деди Т.Норбоева. – Бунда асосий мақсад фақатгина ҳудудий чегараларни ўзгартириш эмас, балки мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилашдан иборат. Шу нуқтаи назардан, Зарафшон шаҳри ҳудудини кенгайтириш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу жараён ортидан ҳудудда янги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлади. Хусусан, 250 дан ортиқ саноат ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу лойиҳалар ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, янги технологияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва минглаб янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
Энг муҳими, бу жараёнлар ҳудудларнинг мавжуд инфратузилмаси, аҳоли эҳтиёжлари ва келгусидаги ривожланиш истиқболлари билан уйғун ҳолда олиб борилади. Шунинг учун ҳар бир лойиҳа бўйича ижтимоий инфратузилма, транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва аҳоли учун зарур бўлган хизматларни ривожлантириш масалаларини олдиндан кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Барча давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар бу борадаги ишларни ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда олиб бориши зарурлиги, ана шундагина ҳудудий чегараларни мақбуллаштиришдан кўзланган асосий мақсад – ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартиришга эришиш мумкин бўлишини таъкидлаб ўтди Сенат Раиси.

Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Баҳром Абдуллаев Томди тумани ҳудудидан 2 минг 459 гектар ер майдонини Зарафшон шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилаётганини таъкидлади.
Янги ҳудудларни ўзлаштириш натижасида 90 та ижтимоий соҳа объекти, шунингдек, 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш режалаштирилган.
Зарафшон шаҳрида саноат ва ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши, аҳоли сони ва иқтисодий фаолликнинг ортиб бориши натижасида уй-жой, ижтимоий соҳа ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига бўлган эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, шаҳар чегараларини кенгайтириш унинг келгусидаги ривожланиши учун зарур ҳудудий имкониятларни яратади.

Янги ҳудудларда турар жойлар барпо этиш билан бир қаторда, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси, йўл, канализация ва бошқа зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш имкониятлари яратилади. Бу, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар ва меҳнат бозорига кириб келаётган фуқаролар учун янги имкониятлар очиб беради.

Сенаторлар янги ҳудудларни комплекс ва режали ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, уларни шаҳар таркибига қўшишда фақатгина маъмурий ўзгартириш билан чекланиб қолинмай, балки ушбу ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш кераклигини таъкидлади.
Муҳокамадан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА