Йўл маданияти – инсон қадри ва хавфсизлик кафолати
Жорий йилнинг биринчи ярмида 256 минг 665 нафар қоидабузар ҳайдовчига нисбатан чора кўрилди, 37 929 та транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилди. 16 минг 503 та қоидабузар пиёдага нисбатан маъмурий чора қўлланди. Фото ва видео мосламалари орқали 771 минг 706 та қоидабузарлик аниқланди. Бироқ ҳақиқий натижа инсон камера ёки жаримадан қўрққани учун эмас, ўз ҳаёти ва бошқалар ҳаётини қадрлагани учун қоидага амал қилганида намоён бўлади.
Инсон ҳаёти – энг олий қадрият. Шу боис йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аввало, одамлар ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилган умумий масъулиятдир.
Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси ташаббуси билан республика Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ҳамкорлигида юртимиз бўйлаб “Йўл маданияти – хавфсиз ҳаёт кафолати!” шиори остида кенг кўламли тарғибот акцияси ўтказилди.
Шу йил август ойининг бошида бошланган акция Наманган вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ҳам изчил давом эттирилди. Йигирма кунлик акцияда 1,5 мингдан зиёд киши қамраб олинган акцияда партия масъуллари ва депутатлар иштирокида аҳоли гавжум жойлар, пиёдалар ўтиш йўлаклари, автобекатлар ва маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Мазкур акцияни ўтказишдан асосий мақсад – йўл қоидаларига риоя этишни фақат назорат ва жазо билан эмас, балки жамиятда юксак йўл маданиятини шакллантириш, инсон ҳаётига масъулиятли муносабатни кучайтиришдир.

Наманган вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ташкилий бўлим бошлиғи, майор Зоҳиджон Хоназаровнинг қайд этишича, 2026 йилнинг январь-июль ойларида умумий йўл транспорт ҳодисалари 81 тага ёки 29,2 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳодисалар 95 тага ёки 41,5 фоизга камайган. Бироқ ўлим билан боғлиқ “авария”лар 14 тага, яъни 29,2 фоизга кўпайган. Бу эса йўлларда инсон ҳаётини асраш борасидаги вазифалар ҳали ҳам долзарб эканлигини кўрсатади.
Айниқса, пиёдалар хавфсизлиги жиддий эътибор талаб қилади. Ўтган даврдаги кўнгилсиз ҳолатларнинг 45,4 фоизи – 89 таси пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ бўлган. Бунинг оқибатида 26 киши вафот этган, 63 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Пиёдалар иштирокидаги нохуш ҳодисалар 40,7 фоизга, жароҳатланганлар сони 52,6 фоизга камайган бўлса-да, ўлим ҳолатларининг ортиши жиддий хулоса чиқаришни талаб этади.
Болалар хавфсизлиги эса янада катта масъулиятдир. Олти ойда болалар иштирокида 51 та йўл транспорт ҳодисаси юз бериб, 16 бола вафот этган, 35 нафари эса тан жароҳати олган. Шунинг учун мактаблар атрофида хавфсиз муҳит яратиш, болаларга йўл қоидаларини мунтазам ўргатиш, ота-она ва ҳайдовчилар масъулиятини ошириш муҳим. Таълим муассасалари ҳудудида транспорт ҳаракати 30 километр кўрсатилган. Бунга амал қилиш муҳим ҳисобланади.

– Акциямиз давомида шунга амин бўлдикки, йўл транспорти ҳодисаларнинг асосий сабаблари ҳам инсон омилининг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда, – дейди “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Мирзараҳмат Олимов. – Тезликни ошириш, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, қарама-қарши йўналишга чиқиш, оралиқ масофани сақламаслик, пиёдаларга йўл бермаслик каби қоидабузарликлар оғир оқибатларга олиб келмоқда. Шунингдек, пиёдаларнинг белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтиши билан боғлиқ 54 та ҳолат умумий кўрсаткичнинг 27,5 фоизини ташкил этган.
Йўл хавфсизлиги инфратузилмани яхшилашни ҳам тақозо этади. Наманган вилоятида 748 та янги йўл белгиси ўрнатилди, 1 минг 211 та яроқсиз белги янгисига алмаштирилди, 19 та янги светофор қурилмаси ўрнатилди, 274 минг 724 квадрат метр йўл чизиқлари чизилди. 37 та билим маскани олдида қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари ташкилланди.

Демак, йўл хавфсизлиги – фақат мутасадди идораларнинг эмас, балки ҳайдовчи, пиёда, ота-она, ўқитувчи, маҳалла, депутат ва бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир. “Йўл маданияти – хавфсиз ҳаёт кафолати!” акцияси ана шу масъулиятни кучайтиришга хизмат қилади. Чунки, йўлдаги ҳар бир эҳтиёткор ҳаракат бир инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Дарҳақиқат, йўл маданияти бор жойда – масъулият бор. Масъулият бор жойда – хавфсизлик мавжуд. Хавфсизлик бор жойда эса – инсон қадри мужассам.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.