Жой номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадри, миллий манфаат ва маънавий қадриятларга бўлган эътиборни янги босқичга олиб чиқмоқда. Давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг ҳаётимиздаги барча соҳаларда тўлақонли қўлланилишини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Аслида жой номларини асраш, уларни тўғри ифодалаш ва келажак авлодларга асл шаклида етказиш оддий масала эмас. Бу миллий ўзликни асраш, она тилига эҳтиром ва тарихий хотирага садоқат масаласидир.
Бу жараёнда тарихий ва географик номларни давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки тилнинг ҳаётдаги мавқеи унинг нафақат ҳужжатлар ва китобларда, балки кўча-кўй, харита, ахборот кўрсаткичлари ва жой номларида қай даражада тўғри ва мақбул қўлланилиши билан ҳам белгиланади.
Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги 376-сонли қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжат билан мамлакатимиздаги айрим тоғ тизмалари, тоғлар, чўққилар, даралар, довонлар ва ғорларнинг номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилди ҳамда айримларига янги номлар берилди. Қарорда Навоий вилояти ҳудудида жойлашган 12 та географик объект – Арслонтов, Балпантов, Қозоқтов, Ямонтов, Шошақтов, Оқбелтов, Бўздоңтов, Катта Қашқиртов, Қопқоқтош, Саритов, Ямонқашқиртов ва Олтинтов тоғ тизмалари номлари расман тасдиқланди.

– Ҳар бир номнинг шаклланишида муайян тарихий ва табиий омиллар мужассам. Шунинг учун уларни ягона меъёр асосида расмийлаштириш ҳудуднинг тарихий-географик қиёфасини аниқ ифодалашга хизмат қилади, – дейди вилоят ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Қобил Астанов. – Қарорда белгиланган вазифалардан бири тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилардаги пешлавҳа ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида акс эттиришдан иборат. Навоий вилоятида бу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида тасдиқланган 12 та объектга тегишли ахборот кўрсаткичлари ўрнатилди. Бундай ўзгаришлар, аввало, ахборот муҳитини замонавий талабларга мослаштиради. Шу билан бирга, сайёҳлар, тадқиқотчилар ва маҳаллий аҳоли учун географик объектлар ҳақида аниқ ва тушунарли маълумот олиш имкониятини кенгайтиради.

Бу лавҳалар энди тоғлар бағрида шунчаки ахборот воситаси бўлиб турмайди. Улар давлат тилига бўлган эътибор, миллий қадриятларга ҳурмат ва юртимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг кичик, аммо муҳим бир кўриниши сифатида хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири