Сенат Раиси: Янги Ўзбекистон тараққиётнинг мустаҳкам ва изчил йўлидан дадил одимламоқда
Сенат ялпи мажлисида Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистон тараққиётнинг мустаҳкам ва изчил йўлидан дадил одимлаётгани алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимиз иқтисодий қудрати юксалиб, халқаро майдондаги нуфузи тобора мустаҳкамланмоқда, халқимиз ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилмоқда.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева амалга оширилаётган барча ислоҳотлар марказида инсон қадри, халқ манфаати ва мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиётига хизмат қилувчи стратегик мақсадлар турганини қайд этди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқ, прагматик ва миллий манфаатларга асосланган ташқи сиёсат туфайли мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланмоқда, - деди Т.Норбоева. – Яқинда Президентимиз Петербург халқаро иқтисодий форумида ҳозирги глобал ўзгаришлар шароитида мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, миллий иқтисодиётимизни замон талаблари даражасида юксалтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қўлга киритилган тарихий натижалар ҳамда истиқболдаги мақсад ва марралар ҳақида халқаро ҳамжамиятни атрофлича хабардор қилди. Очиқ ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот бугунги кунда барқарор тараққиётнинг энг муҳим шарти экани таъкидланиб, умумий ривожланишга, миллий, минтақавий ва глобал манфаатларга хизмат қиладиган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Жумладан, “Евроосиё технологик саноатлаштириш камари”ни шакллантириш, инсон капиталини ривожлантириш бўйича қўшма онлайн-платформа яратиш, “Самарқанддан Петербурггача” креатив-туристик йўлагини ташкил этиш каби ташаббуслар мамлакатимиз халқаро ҳамкорлик соҳасида янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Ўзбекистонда Россия иштирокида интеграциялашган атом электр станцияси қурилишининг бошлангани мамлакатимизнинг нафақат энергетик хавфсизлигини таъминлаш, балки иқтисодий ва технологик тараққиёти янги босқичга чиқаётганидан далолат беради.
Норгул Абдураимова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА