Санъат олами – талабалар нигоҳида
Ўзбекистон давлат хореография академиясида “Мусиқа таълими: жаҳон миқёсида ягона майдон сари” халқаро илмий-амалий форум доирасида “Санъат олами – талабалар нигоҳида” мавзусида III республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимиз ва хорижий олий таълим муассасалари талабалари, магистрант, ёш тадқиқотчи, санъатшунос ва педагоглар иштирок этди.
Ялпи мажлисда академия ректори профессор Шуҳрат Тўхтасимов Янги Ўзбекистон ёшларининг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, миллий санъат мактабини ривожлантириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш йўлида олиб борилаётган ишларга тўхталди.
Сўнгра миллий ва жаҳон хореографияси, рақс санъати тарихи, замонавий хореография, санъатшунослик, мусиқа таълими, рақамли технология, сунъий интеллектнинг санъатдаги ўрни, театр ва маданий мерос йўналишларида маърузалар тингланди.
“Розия Каримова – ўзбек миллий рақс санъатининг йирик намояндаси”, “Хореография санъатида ялла жанрининг аҳамияти”, “Келажак хореографиясида сунъий интеллектнинг ўрни”, “Баёт шўъбасининг мақомдаги ўрни ва хусусияти” мавзуларида чиқиш қилинди.
Дастурга мувофиқ, икки алоҳида йиғилишда долзарб масалалар таҳлил этилди. “Хореография санъати – анъана ва замонавийлик уйғунлиги” шўъбасида миллий рақс санъати тарихи, Хоразм “Лазги”си, замонавий рақс, фольклор ва саҳна маданиятига оид илмий ишлар кўриб чиқилди.
“Санъатшунослик ва ижтимоий фанлар” йўналишида эса оммавий ахборот воситаларининг маданий қадриятлар шаклланишидаги ўрни, санъатда рақамли технология, миллий мусиқа ва театр санъати, замонавий тасвирий санъат ҳамда ижодий иқтисодиёт муаммолари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда Қозоғистон, Озарбайжон каби хорижий давлатлар олий таълим муассасалари талабалари маърузалари ҳам тақдим этилди.
Д.Ҳакимов, ЎзА