Нафосатга бурканган Бобур шаҳри
Бобур шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида “Санъат орқали миллий ғурур ва маънавий юксалишга йўл” шиори остида рассомлар фестивали очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Фестивалнинг очилишида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон Халқ рассоми Акмал Нур юртимизда тасвирий санъат ривожига кенг эътибор қаратилаётганлиги, Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган фестивалнинг мақсади, вазифаси ва аҳамияти хусусида сўз юритди.
Тадбирда, Ўзбекистон тасвирий санъатини ривожлантириш ва унинг бой анъаналарини кенг тарғиб этиш ҳамда Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этишдаги фидокорона хизматлари учун Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга Ўзбекистон Бадиий академиясининг Олтин медали топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг таклифига асосан, 2025 йил 30 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланиб, 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Бобур шаҳрида Рассомлар фестивали ўтказилиши, ана шу қарар асосида илк фестиваль шу йил 18 – 22 май кунлари бўлиб ўтиши белгиланди.
[gallery-29483]
Ўзига хос манзара яратилган Бобур шаҳрининг “Ўзбекистон боғи”да ижодкорлар ва фахрийлар иштирокида фестиваль рамзий лентаси кесилди. Фестиваль иштирокчи ва меҳмонлари учун бадиий дастур намойиш этилди.
Фестиваль меҳмонлари “Янги Ўзбекистон боғи”даги ҳар бир вилоятга ажратилган кўргазма майдонлари, номинациялар бўйича кўргазмалар билан танишди. Куннинг иккинчи ярмида Бобур шаҳридаги Марказий кўргазмалар залида мамлакатимиз таниқли ижодкорларининг тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаси ўтказилди.
Кўргазма очилишида сўз олган мутасаддилар иштирокчиларни фестивалнинг ташкилий масалалари, баҳолаш мезонлари билан таништирди, рассомлар билан дастлабки суҳбатлар, “Нима учун ушбу асар?” мавзусида мулоқотлар ўтказилди.
– Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 200 нафардан зиёд тасвирий санъатнинг ранг-тасвир, бадиий фото, ҳайкалтарошлик ва графика йўналишларида тажрибали ижодкорлар иштирок этмоқда, – дейди Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари Расулжон Исмонов. – Айни пайтда улар белгиланган кўргазма майдонларига ўзларининг ижодий ишларини жойлаштирган. Эртадан иштирокчиларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилади.
Дарҳақиқат, ижодкорларнинг истеъдод, маҳорат ва салоҳиятларини юзага чиқариш учун кенг имкониятлар эшигини очаётган, қолаверса, юртдошларимизга мусаввир ва амалий санъат усталари ижоди билан яқиндан таништириш, гўзал мусаввирлик асарларидан баҳраманд бўлиш имконини берадиган ушбу фестиваль юқори савия ва юқори кўтаринкилик билан бошланди.
Дастур доирасида ижодий асарлар кўргазмалари, таниқли ижодкорлар иштирокида маҳорат дарслари, ижодий суҳбатлар, рассомлар билан учрашувлар ўтказилади.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.