Беҳбудий уй-музейида янги экспозиция очилди
18 май – Халқаро музейлар куни
Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейида 18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан “Самарқандда жадид мактаблари” номли янги экспозиция очилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимлиги, маданият бошқармаси, Самарқанд давлат музей қўриқхонаси масъуллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Музейимизда Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти, кўп қиррали фаолияти билан боғлиқ маълумотлар, тарихий ашёлар ўрин олган, – дейди музей директори Гулмамат Аҳмедов. – Янги топилган ашёлар ҳамда сунъий интеллект ва замонавий инновацион технологиялар ёрдамида яратилган воситалар фондимизни янада бойитди. Жумладан, янги экспозициядан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тўнғич ўғли Маъсудхўжа Беҳбудийга ўз қўли билан ёзиб, совға қилган Қуръоннинг Ёсин сураси матни ўрин олди.

Шунингдек, кўргазмада Самарқанд жадидчилик мактаби намояндалари – Абдуқодир Шакурий, Ҳожи Муин, Саидризо Ализода, Сиддиқий Ажзий ва Саид Аҳмад Васлий каби фидойи зиёлиларнинг маърифатпарварлик фаолияти, улар томонидан чоп этилган илк замонавий дарсликлар ва миллий матбуот тарихига оид маълумотлар намойиш этилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири