Самарқандда замонавий туризм кўчалари барпо этилмоқда
Юртимизда туризм салоҳиятини янада ошириш, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, шаҳарларда кечаю кундуз фаолият юритадиган туризм ва хизмат кўрсатиш кўчаларини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Самарқанд шаҳрида ҳам қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиляпти. Шаҳарнинг аҳоли ва сайёҳлар гавжум бўладиган кўчалари босқичма-босқич замонавий қиёфага келтирилиб, уларда 24/7 режимида хизмат кўрсатиш ва мазмунли ҳордиқ чиқариш учун қулай инфратузилма яратилмоқда.
Жумладан, айни пайтда Алишер Навоий кўчасининг 317 метрлик ҳамда Пушкин кўчасининг 186 метрлик қисмида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётир. “New Tech Samarkand” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, пиёдалар учун қулай йўлаклар барпо этиш ва ҳудудни кўкаламзорлаштириш кўзда тутилган.
— Айни пайтда муҳандислик-коммуникация тармоқларини ётқизиш ишлари якунланиб, йўл ва пиёдалар йўлакларини қуриш ишлари давом этмоқда, - дейди “New Tech Samarkand” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Шаҳзод Ғаниев. — Лойиҳа асосида кенглиги 10 метр бўлган икки томонлама автомобиль йўли барпо этилмоқда. Белгиланган ҳудудларда транспорт воситалари учун махсус автотураргоҳлар ташкил этилади. Йўлнинг ҳар икки томонида кенг ва қулай пиёдалар йўлаклари қурилиб, улар оралиғида яшил майдонлар барпо этилади. Асосий мақсадимиз — аҳоли ва сайёҳлар учун кечаю кундуз сайр қилиш, дам олиш ва хизматлардан фойдаланиш имконини берадиган замонавий муҳит яратиш.
Мазкур бунёдкорлик ишлари нафақат шаҳарнинг меъморий қиёфасини янада кўркамлаштириш, балки хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳаларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, лойиҳа амалга оширилиши натижасида 91 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, 10 та янги тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда мавжуд 5 та тадбиркорлик субъекти фаолиятини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
[gallery-32233]
Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари якунлангач, мазкур кўчалар Самарқанднинг замонавий қиёфасини янада бойитиб, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай сайр, дам олиш ҳамда хизмат кўрсатиш масканларига айланади.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА