Боткенда водий ёшлари форуми
Фарғона водийсида ўзининг географик жойлашувига кўра уч мамлакат вилоятлари туташган. 2025 йилда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон республикалари президентлари томонидан Хўжанд декларациясининг имзоланиши водий халқлари ҳаётида янги саҳифа очди. Аввало, иқтисодий муносабатлар юксалди. Халқлар дўстлиги мустаҳкамланди. Мана энди ўзбек, қирғиз, тожик ёшлари қўлни-қўлга бериб, келажакни биргаликда яратиш режаларини тузмоқда.
Қирғизистоннинг Боткен вилоятида бошланган водий ёшлари форуми шу улкан ишлар дебочасидир. Форум иштирокчилари Боткен вилоятининг шаҳар ва туманларида бўлиб, ёшлар меҳнат, илм олиш ва дам олиши қандай ташкиллангани билан танишди. Ўзаро қўшма лойиҳалар туздилар ва имзоладилар.
– Биз бу кунларни узоқ вақт кутдик, – дейди Тожикистон делегацияси аъзоси Довут Шокиров. – Чунки чегаралар деярли ёпиқ эди. Ҳатто дўстлик, биродарлик тадбирлари ҳам ўтказилмас эди. Уч давлат Президентларининг сиёсий иродаси туфайли мана энди водий ёшлари, улар ўзбекми, қирғизми ёки тожик режаларни биргаликда, ҳамкорликда амалга оширмоқда.
Бу каби форумлар навбат билан Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам ўтказилишига келишиб олинди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА