Хавфсиз ва ўзаро ҳурматга асосланган иш муҳити қандай таъминланади?
Президент ҳузуридаги давлат сиёсати ва бошқаруви академияси Самарқанд филиалида “Меҳнат жамоаларида хавфсиз ва ўзаро ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш: таъқибнинг олдини олиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат ташкилотларнинг инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш, ташкилий-назорат масалалари бўйича масъуллари иштирок этмоқда.
– Шу йилнинг 21 сентябрь куни давлатимиз раҳбарининг “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва у асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинганди, – дейди давлат сиёсати ва бошқаруви академияси Самарқанд филиали доценти Дурдона Расулова. – Мазкур ҳужжатлар меҳнат соҳасида ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, хавфсиз, ҳурматга асосланган ва камситишдан холи иш муҳитини таъминлаш, тазйиқ, зўравонлик ва шу мақсадда хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, бундай ҳолатлар юзасидан мурожаатларни холис, тезкор ва шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка асосан кўриб чиқишнинг ягона рақамли механизмларини жорий этишни назарда тутади. Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, нодавлат ташкилотларда меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури босқичма-босқич жорий этилади. Ўқувдан кўзланган асосий мақсад ушбу дастурни амалга оширишга масъулларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларга низом талабалари ва бошқа қонун ҳужжатлари моҳиятини тушунтиришга қаратилган.
[gallery-32240]
Ўқув семинарда меҳнат жамоаларида хавфсиз ва ўзаро ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ таъқиб ҳолатлари бўйича мурожаатларни қабул қилиш, дастлабки баҳолаш ва текширишга доир амалий кўникмалар ҳамда таъқибни гендер нуқтаи назаридан тушунишни шакллантириш масалалари юзасидан тушунча берилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари