Саҳродаги мовий мўъжиза
ФОТОРЕПОРТАЖ
Саҳро бағридаги кенг ва сокин сувлик... Атрофни қамраб олган қумликлар, кўлнинг мовий туси ва соҳил бўйлаб эшитилаётган тўлқинлар овози Айдаркўл манзарасига ўзига хос жозиба бағишлайди.
Айдаркўл табиати йилнинг ҳар бир фаслида ўзгача қиёфа касб этади. Бир томонда чексиз саҳро, бир томонда эса кўз илғамас масофага чўзилган сувлик. Ана шу уйғунлик масканни нафақат табиат ихлосмандлари, балки саёҳатчилар учун ҳам қизиқарли йўналишлардан бирига айлантирган.
Кўл атрофида ўзига хос экотизим шаклланган. Сув ҳавзасида турли балиқ турлари учрайди. Сув қушлари учун ҳам бу ҳудуд қулай маскан ҳисобланади. Илк йилларда бу ерга қишлаш учун келган қушларнинг айрим турлари эндиликда йил давомида Айдаркўл атрофида учрайди.
Саҳро ва сувлик туташган бу ҳудудда табиатнинг турфа манзараларини кузатиш мумкин. Қумлоқ соҳиллар, сийрак ўсимликлар, сув юзидаги қушлар ва узоққа чўзилган кўл манзараси Айдаркўлнинг бетакрор қиёфасини намоён этади.
[gallery-31354]
Айдаркўл сувининг таркиби ҳам кўлнинг турли қисмларида бир хил эмас. Ғарб томонга борган сари сувнинг шўрлик даражаси ортиб боради. Шарқий қисмида эса минераллашув даражаси нисбатан паст бўлиб, сувдаги биологик ҳаёт учун қулай муҳит шаклланган.
Бугун Айдаркўл нафақат ноёб табиат маскани, балки сайёҳлар учун ҳам жозибадор ҳудудга айланиб бормоқда. Навоий вилояти Нурота тумани ҳудудида кўл атрофида 10 дан ортиқ дам олиш маскани фаолият юритмоқда. Бу ерларда оилавий ҳордиқ чиқариш учун зарур шароитлар яратилган.
Табиат қўйнида дам олиш, саҳро манзараларини томоша қилиш ва кўлнинг бетакрор муҳитини ҳис этиш истагидаги маҳаллий аҳоли билан бир қаторда хорижий сайёҳлар ҳам Айдаркўлга ташриф буюрмоқда.
Саҳро бағридаги бу мовий масканнинг ўзига хослиги ҳам шунда — у сокинлиги билан инсонни ўзига чорлайди, табиати билан эса хотирада узоқ сақланади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА