Эртанги тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори
Тадбиркорликнинг бошланиши кўпинча катта маблағ ёки йирик корхонадан эмас, балки бир ғоядан бошланади. Бир неча дастгоҳ, кичик иш жойи ва энг муҳими – ўз кучига ишонч. Аммо, ана шу оддий ташаббуслар бирлашиб, янги иш ўринлари, янги даромад манбалари ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг юксалишига хизмат қилади.
Бугун Тошкент вилоятида иқтисодий фаолликнинг тобора ортиб бораётгани ҳам ана шу жараён билан чамбарчас боғлиқ. 2025 йил якунларига кўра, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 180,2 триллион сўмни ташкил этиб, бир йилда 7,2 фоизга ўсди. Вилоят мамлакат ялпи ички маҳсулоти шаклланишида 9,7 фоиз улушга эга бўлди.
Албатта, бу рақамларнинг ортида йирик корхоналар билан бир қаторда минглаб кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва ўз ташаббуси билан меҳнат қилаётган инсонлар бор.

Кичик бизнеснинг ҳудуд иқтисодиётидаги ўрнини қуйидаги рақамлар ҳам яққол кўрсатади. 2026 йил 1 апрель ҳолатига Тошкент вилоятида 60 минг 670 та кичик корхона ва микрофирма рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 41 минг 537 таси амалда фаолият юритмоқда. Фақат ҳисобот даврининг ўзида 2 минг 263 та янги корхона ташкил этилган. 2025 йил давомида эса вилоятда 8 минг 556 та янги кичик корхона ва микрофирма иш бошлаган.
Бу шунчаки статистика эмас. Ҳар бир янги корхона ортида муайян ташаббус, янги иш ўрни ва янги даромад манбаи яратиш имконияти бор. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласига фақат кредит, имтиёз ёки молиявий кўмак нуқтаи назаридан қараш етарли эмас. Тадбиркорга, аввало, тезкор ва шаффоф хизмат, барқарор инфратузилма, ишончли энергия таъминоти, замонавий технология ҳамда ўз маҳсулотини бозорга олиб чиқиш имконияти керак. Рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги шароитда айнан шу омиллар бизнеснинг барқарорлиги ва рақобатбардошлигини белгилайди.
Айниқса, энергия таъминоти масаласи кичик бизнес учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, муқобил энергетика энди фақат экологик ташаббус эмас, балки тадбиркорлик иқтисодиётининг муҳим қисмига айланмоқда. Қуёшли Тошкент вилоятида бу йўналишнинг имкониятлари янада кенг. Корхона, иссиқхона, фермер хўжалиги, савдо ёки хизмат кўрсатиш объектига ўрнатилган қуёш панеллари электр харажатларини қисқартириш, энергия таъминоти барқарорлигини ошириш ва узоқ муддатда ишлаб чиқариш таннархини пасайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Мамлакатимиз миқёсидаги натижалар ҳам бу йўналишга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатмоқда. 2026 йил апрель ҳолатига кўра тадбиркорлик субъектларида 33 минг 208 та объектга умумий қуввати 1 155 мегаватт бўлган кичик қуёш панеллари ўрнатилган. 2026 йилнинг биринчи чорагида кичик қувватли қуёш панеллари орқали 411 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Бу рақамлар муқобил энергетика нафақат энергия тежаш, балки янги бизнес йўналишларини шакллантириш учун ҳам катта имконият эканини кўрсатади. Тошкент вилоятида қуёш панелларини ўрнатиш ва таъмирлаш, энергия тежамкор ускуналар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, “ақлли” энергия тизимларини жорий этиш, иссиқхоналар учун автоном электр таъминотини ташкил қилиш каби йўналишларни ривожлантириш янги хизмат бозорини юзага келтириши мумкин. Айниқса, бу соҳалар ёш тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очади.
2026 йил март ойида Оҳангарон туманида тадбиркор ва фермерлар учун қайта тикланувчи энергия ҳамда сув тежовчи технологиялар бўйича амалий семинар ўтказилгани ҳам мазкур йўналиш ҳудудларда тобора амалий мазмун касб этаётганидан далолат беради.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш самарадорлигини баҳолашда, энг муҳим мезон “Қанча маблағ ажратилди?” эмас, “Бу маблағ қанча инсоннинг ҳаётини ўзгартирди?”, деган саволдир. Битта ишлаб чиқариш цехининг ишга тушиши, бир нечта оиланинг даромади, биргина янги корхона, янги иш ўринлари, бир тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилиши эса эртага яна бир неча ташаббускорнинг ўз ғоясига ишончини мустаҳкамлайди.
Шу маънода, Тошкент вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган шарт-шароитларни янада такомиллаштириш, тадбиркорларнинг таклиф ва муаммоларини эшитиш, ортиқча тўсиқларни бартараф этиш, замонавий ва энергия тежамкор бизнес моделларини рағбатлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

Тошкент вилоятининг иқтисодий қудрати фақат йирик корхоналар ва саноат салоҳияти билан эмас, балки ўз ғоясига ишонган, меҳнати ва ташаббуси билан янги қиймат яратаётган минглаб тадбиркорлар билан ҳам ўлчанади.
Уларнинг ташаббуси қанча кўп қўллаб-қувватланса, тадбиркорлик учун қанча кўп имконият яратилса, вилоятнинг эртанги иқтисодий тараққиёти шунча мустаҳкам пойдеворга эга бўлади.
Рустам Шамсиев,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти
Кенгаши депутати,
ЎзА