Ер деградациясига қарши чоралар муҳокама қилинди
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда қурғоқчиликка учраган экотизимлардаги ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш» GCP/UZB/020/GFF (LDN) лойиҳаси доирасида ўқув семинари ўтказилди.
Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон агентлиги, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, халқаро консультант Муҳаммад Аяз Керио иштирок этди.
Семинарда ер деградацияси, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, ер ресурсларини барқарор бошқариш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, сутчилик, асаларичилик ва доривор ўсимликлар етиштириш соҳаларида қўшилган қиймат занжирини шакллантириш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда ерлар деградациясини нейтраллаштириш, яйловлар ва ўрмон ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитида амалиётга жорий этиш бўйича тавсиялар берилди ҳамда ер ресурсларини асраш ва улардан барқарор фойдаланиш борасида ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА