Руҳоният тасвирлари (+видео)
"Рассом устахонаси" лойиҳасининг бу галги қаҳрамони ёш, иқтидорли рассом Бобур Ваҳобжонов. Қаҳрамонимиз ижодида шахсий хотира, болалик таассуротлари, инсон руҳияти ва фалсафий мушоҳадалар ўзига хос уйғунлик касб этади. Рассом ўз асарларида ҳаётий тажрибаларни шунчаки тасвирлаб қолмасдан, уларни рамз ва метафоралар орқали қайта талқин қилади. Шу жиҳатдан унинг ижодий изланишлари замонавий тасвирий санъатда инсоннинг ички олами ва хотирасига мурожаат қилувчи ўзига хос бадиий йўналиш сифатида намоён бўлади.
Бобур Ваҳобжонов аввалига Наманган шаҳридаги Санъат коллежини муваффақиятли тамомлади. Кейин эса билим ва маҳоратини янада чуқурлаштириш мақсадида олий таълимни давом эттирди. 2013–2017 йиллар Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг «Дастгоҳли рангтасвир» йўналишида таҳсил олиб, бакалавр босқичини якунлади.
Институтдаги таълим жараёни унинг профессионал рассом сифатида шаклланишида муҳим босқич бўлиб, рангтасвирнинг назарий ва амалий асосларини чуқур ўзлаштиришига, ўзининг индивидуал бадиий услубини излаш ва шакллантиришига замин яратди.
Батафсил видео давомида.
Мунира Рамозонова, Нишонбой Абдувоитов, Салимжон Обиджонов, ЎзА