Тарихни англаш – Ватанни англаш демак
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини юксалтириш, халқимизнинг бой тарихи ва маданий меросини кенг тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг “Илмий-техник ва ходимларнинг малакасини ошириш маркази” филиалида тизим ташкилотларидан келиб таҳсил олаётган тингловчилар учун навбатдаги маърифий ташриф уюштирилди. Иштирокчилар Темурийлар тарихи давлат музейига бориб, буюк аждодларимизнинг бой тарихи, давлатчилик анъаналари ва юксак маънавий мероси билан яқиндан танишди.
Саёҳат давомида тингловчилар Амир Темур ва Темурийлар даврига оид ноёб тарихий экспонатлар, қадимий қўлёзмалар, қурол-яроғлар, миллий маданият ва санъат намуналарини катта қизиқиш билан томоша қилди. Шу билан бирга, мазкур даврда давлат бошқаруви, ҳарбий санъат, илм-фан, меъморчилик, адабиёт ва маданият соҳаларида қўлга киритилган салмоқли натижалар ҳақида батафсил маълумот олди.
Музей экспозициялари туфайли Амир Темурнинг марказлашган давлат барпо этиш, юрт тинчлиги ва ободлигини таъминлаш, илм-фан ҳамда маданият тараққиётига эътибор қаратиш борасидаги фаолияти ҳақида атрофлича тушунча берилди. Хусусан, Темурийлар даврида маърифат ва илм-фаннинг юксак чўққиларга кўтарилгани, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари буюк сиймоларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси хусусида фикр юритилди.
Ташриф чоғида иштирокчилар аждодларимиздан қолган бебаҳо тарихий ва маънавий мероснинг бугунги авлод ҳаётидаги ўрни хусусида ўзаро фикр алмашди. Ўтмишни чуқур ўрганиш, буюк аждодларимиз билан фахрланиш ва уларнинг муносиб ворислари бўлиш ҳар бир инсонда юрт тақдирига дахлдорлик, масъулият ва фидойилик ҳисларини кучайтиради.
Бундай маънавий-маърифий учрашувлар ходимларнинг дунёқарашини кенгайтириш, тарихий хотирани асраб-авайлаш, миллий ўзликни англаш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, тарихни билиш – ўзлигимизни англаш, аждодлар меросини қадрлаш ва Ватан равнақи учун масъулиятни чуқур ҳис этиш демак.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА