Хосият Рустамова шеърияти Италия матбуоти нигоҳида
Ўзбек шеъриятининг дунё адабий маконидаги овози яна бир халқаро эътироф билан бойиди.
Италиянинг Cavalierenews нашрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ўзбек шоираси Хосият Рустамова ижодига бағишланган адабий мақола эълон қилинди.
Муаллифлар таниқли шоир ва ношир Рифат Исмоилли ҳамда Ангела Коста шоира Хосият Рустамова ижодининг дунёвий аҳамиятга молик қирраларини атрофлича талқин этишади.
«Кўз ёшлар сиғмайди жамадонимга» деб номланган ушбу мақолада шоиранинг шу номдаги ва туркум шеърлари чуқур таҳлил қилиниб, уларда инсон қалби изтироблари нечоғли маҳорат ва юксак бадиийлик билан ифодалангани эътироф этилади.
Мақола муаллифлари ўзбек шоирасини "...бугунги Ўзбекистоннинг энг нуфузли, таъсирчан ва кўп тилларга таржима қилинган шеърий овозларидан бири...” сифатида таърифлашади.
Бу эътирофнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, итальян нашри мақола орқали ўқувчини Ўзбекистонга — замонавий жаҳон адабиётида ўз ўрнига эга бўлган гўзал мамлакатга саёҳат қилишга ҳам чорлайди.
“Шоирнинг овози қанчалик ўз юртининг руҳи, тили, хотираси ва маънавий тажрибасига таянса, дунё билан мулоқоти шунчалик таъсирчан кечади. Хосият Рустамова шеърияти мана шу жиҳати билан ҳам бугун сарҳад билмаётгани айни ҳақиқатдир”, дейилган мақолада.
ЎзА