Рақамли иқтисодиёт афзалликлари
Бугунги кунда инсоният тараққий этиши кўп жиҳатдан ахборот технологияларининг ривожланиш шиддатларига бевосита боғлиқ.
2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили
2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши мамлакатимизда яқин келажакда аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва ахборот технологиялари соҳасини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор масалаларидан бири бўлиб қолишидан далолат беради.
Бугунги кунда инсоният тараққий этиши кўп жиҳатдан ахборот технологияларининг ривожланиш шиддатларига бевосита боғлиқ.
ХХ асрнинг охирида, интернет тармоғи жамият ҳаётининг турли соҳаларига кириб келиши билан “электрон ҳукумат”,“электрон савдо”, “рақамли иқтисодиёт” каби атамалар пайдо бўлди.
“Рақамли иқтисодиёт” атамаси илк бор 1995 йилда Массачусетс университетида фаолият олиб борган америкалик информатик олим, Николас Негропонте томонидан ўз ҳамкасбларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган иқтисодиётнинг эски иқтисодиётдан устунлигига бағишланган маърузасида тилга олинган.
Анъанавий иқтисодиётдан кўпгина устунликларга эга рақамли иқтисодиёт қисқа даврда дастлаб ривожланган мамлакатларда, кейинчалик дунё бўйлаб кенг оммалашди.
Рақамли иқтисодиёт – бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тизими бўлиб, бунга авваламбор онлайн-хизматлар, масофавий таълим, электрон тўловлар, товар ва хизматларнинг интернет-савдоси мисол бўла олади.
Бугунги кунда “рақамли” мамлакатлар ичида етакчилар бу Норвегия, Швеция ҳамда Швейцариядир. Бу борада топ-10 давлатлар қаторига АҚШ, Буюк Британия, Дания, Финляндия, Сингапур ва Жанубий Корея киради.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни рақамлаштириш бўйича бир қатор чоралар амалга ошириб келинмоқда.Замонавий ахборот технологияларини жадал ривожлантириш бўйича шароитлар яратиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалий ишлар аллақачон бошлаб юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини ҳам шу тадбирлар жумласига киритиш мумкин. Ушбу чора-тадбирлар натижасида электрон ҳужжат айланиши жорий этилди, электрон тўловлар ривожлантирилмоқда ва электрон тижорат соҳасида норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.
Шубҳасиз, иқтисодий секторни рақамлаштириш товар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган харажатларни камайтириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, ҳажми ва рақобатбардошликни кескин ошириш ҳамда вақтни тежаш каби имкониятларни яратади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда рақамли технологиялар банк тизими, чакана савдо, транспорт, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўлланилмоқда.
Президентимизнинг Парламентга навбатдаги Мурожаатномасида ҳам ҳаётимизнинг кўпгина жабҳаларини рақамлаштириш бўйича қатор мақсадлар айтиб ўтилди. Жумладан, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш. “Электрон ҳукумат” тизимининг барча ташкилий ва институционал масалаларни комплекс ечиш, Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида “IT-парк”лар ташкил этиш, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилиши бошланган “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини давом эттириш кўзда тутилган. Шунингдек, яқин 2 йил ичида барча қишлоқ ва маҳаллаларни тезкор интернет билан таъминлаш, 12 мингта муассасани тезкор интернетга улаш, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқишни икки ой муддатда якунлаш бўйича кўрсатма берилган.
Юқоридаги мақсад ва вазифаларни тизимли амалга ошириш учун ҳукуматда – Бош вазир ўринбосари, вазирлик ва идораларда, шунингдек, ҳокимликларда алоҳида ўринбосар лавозимлари жорий этилади.
Президентимизнинг ушбу ташаббуслари – бугун Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичини бошлаётгани, яқин келажакда давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатдан тубдан яхшиланиши, турли ижтимоий ва иқтисодий тизимлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланишининг гаровидир.
Биз интилаётган “рақамли инқилоб” натижасида ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг аксарияти автоматлаштирилган сервислар ёрдамида амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнида инсон иштирокини кескин камайтириб, узоқ йиллар давомида юртимиз равнақини ортга суриб, аҳоли турмуш сифати ва фаровонлигига салбий таъсир этиб келган бюрократия, қоғозбозлик ҳамда коррупциянинг сезиларли даражада камайишини таъминлайди.
Рустам АННАЕВ,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси
бош мутахассиси.