Тадбиркорларга солиқ имтиёзлари ва янги тартиблар тушунтирилди
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармасида тадбиркорлар ва ҳисобчилар иштирокида амалий семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Солиев, қўмита масъул ходими Исматилла Севинчов ҳамда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов иштирок этди.
Мулоқотда Президентнинг жорий йил 27 августдаги тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартиришга оид фармонлари мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Жумладан, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йиллик мораторий жорий этилиши, такрорий текширувлар Бизнес-омбудсман рухсати билан ўтказилиши, шунингдек, “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” тамойили асосида тадбиркорга аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилиши ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, 1 сентябрдан 31 декабрга қадар кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси жорий этилгани, белгиланган шартлар бажарилган тақдирда пенялар бекор қилиниши таъкидланди.
– Бугунги семинарда тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдик. Қизиқтирган саволларимизга мутахассислардан жавоб олдик, – дейди ҳисобчи Дилфуза Турсунова.
Семинар давомида тадбиркорларни қийнаб келаётган айрим муаммолар ҳам муҳокама қилиниб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар белгиланди.
[gallery-31344]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари