Давлат чегарасини кесиб ўтганлик ёки контрабанда жиноятлари учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов мамлакатимизда давлат чегараларини муҳандислик жиҳатидан мустаҳкамлаш, чегара қўшинларининг моддий-техника базасини кучайтириш ҳамда миллий хавфсизликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, трансмиллий жиноятчиликнинг янги кўринишлари, хусусан, давлат чегараси орқали ерости тоннелларини қуриш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтиргани қайд этилди.

Муҳокамада 2016-2025 йиллар давомида давлат чегарасида 12 та ноқонуний ерости тоннели аниқлангани, улар орқали катта миқдордаги товар-моддий бойликлар, валюта қимматликлари ва бошқа товарларни мамлакатга яширин олиб киришга уринишлар кузатилгани таъкидланди. Бу каби ҳолатлар давлат чегараси дахлсизлиги, иқтисодий хавфсизлик ва миллий манфаатларга жиддий таҳдид солиши қайд этилди.
Қонун билан Жиноят кодексида давлат чегараси орқали еростида ноқонуний тоннеллар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, ана шундай ноқонуний иншоотлардан фойдаланган ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтганлик ёки контрабанда жиноятлари содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Бундан ташқари, қонунда инсонпарварлик тамойили ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, биринчи марта ушбу турдаги қилмишни содир этган шахс ўз ихтиёри билан давлат органларига ноқонуний тоннел ҳақида хабар берса ёки жиноятни фош этишга фаол кўмаклашса ҳамда унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ давлат чегараси орқали еростида ноқонуний тоннеллар қуриш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини Давлат хавфсизлик хизмати органлари терговчилари амалга ошириши белгиланмоқда. Бу мазкур турдаги жиноятларни тезкор аниқлаш ва самарали тергов қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Сенаторлар маъқуллаган қонун давлат чегараси дахлсизлигини мустаҳкамлаш, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, миллий ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш ҳамда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА