Қурилиш университетида ўқиганлар техник университети дипломини олди
Самарқанд давлат техника университетида 2025-2026 ўқув йили битирувчиларига диплом топширишга бағишланган битирув оқшоми бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 май куни қабул қилинган “Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этилди ва шу пайтгача мазкур даргоҳда ўқиб турган талабалар ўқишни янги университетда давом эттириши белгиланди.
Якунига етган ўқув йилида университет бакалавриатини 27 таълим йўналиши бўйича 1637 нафар, 9 магистратура мутахассислигини 38 нафар ёшлар битирди. Ҳозиргача 1300 нафарга яқин битирувчиларнинг иш жойи аниқ бўлган.
Маросимда Самарқанд давлат техника университети ректори Чидем Туркйилмаз сўзга чиқиб, битирувчилар ва уларнинг ота-оналарини табриклади.
– Бу кун битирувчилар учун нафақат диплом олиш, балки йиллар давомида орттирилган билим, тажриба ва талабалик хотираларини сарҳисоб қилиш куни, – деди университет ректори. – Энди сизнинг ҳаётингизда янги давр бошланмоқда, эгаллаган билим ва кўникмангизни касбий фаолиятда намоён этиш имкониятига эга бўлмоқдасиз. Бу йўлда барчангизга омад, ишларингизда муваффақият тилайман.
Маросимда университетни муваффақиятли тамомлаган ёшларга дипломлар тантанали равишда топширилди. Таълим, илм-фан, жамоат ишлари ва турли танловларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришган талабалар алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, фарзандларининг билим олиши, тарбияси ва камол топишида муносиб ҳисса қўшган ота-оналарга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА