Энергетика тизимида хавфсизлик ва назорат чоралари кучайтирилади
Энергетика вазирлигида ёз мавсумида энергетика тизими объектларининг барқарор ва ишончли фаолиятини таъминлаш, аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш устидан давлат назоратини кучайтиришга бағишланган Республика штаби йиғилиши ўтказилди.
Энергетика вазирлиги раҳбарияти, соҳа корхона ва ташкилотлари, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, “Ўзэнергоинспекция”, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа тегишли идоралар вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда ёз фаслида электр энергиясига талаб ортиши шароитида энергетика тизимининг узлуксиз ишлаши, авария хизматларининг шайлиги ва режали таъмирлаш ишларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ҳаво ҳарорати юқори бўладиган кунларда республика бўйича суткалик электр энергияси истеъмоли 280 миллион кВт·соатгача, энг юқори юклама эса 13-13,3 ГВтгача етиши мумкин. Шу муносабат билан электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларда профилактик ишлар ва техник назоратни кучайтириш, эҳтимолий аварияларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилишда Тошкент шаҳридаги айрим подстанцияларда кузатилган техник носозликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди. Электр таъминотидаги узилишларга сабаб бўлган ҳолатлар таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар учун масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланди. Айрим раҳбарлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Иссиқ ҳаво шароитида бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини саноат ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш, мазкур жараёнлар устидан кучайтирилган назорат ўрнатиш вазифаси юклатилди.
Ёнғин ва портлаш хавфини камайтириш мақсадида ҳаво ҳарорати юқори бўлган вақтларда суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш тартиби жорий этилиши қайд этилди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур белгиланган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Бош прокуратура, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан ҳамкорликда республика ҳудудларидаги энергетика объектлари ва ёқилғи инфратузилмасида ёнғин ҳамда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан кучайтирилган ўрганишлар ва назорат рейдлари ташкил этилади.
Истеъмолчилар мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, авариявий ҳолатлар ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш ҳамда ҳудудлардаги навбатчилик хизматлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш, ижро ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида барча топшириқлар ижроси қатъий назорат остида бўлиши белгиланди. Келгусидаги штаб йиғилишларида ҳар бир вазифанинг бажарилиш даражаси, ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат ва раҳбарларнинг шахсий масъулияти асосий баҳолаш мезонларидан бири бўлиши таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА