I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: Янги Ўзбекистоннинг янги қадами
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини белгилаётган муҳим омиллардан бири – мамлакатимиз томонидан илгари сурилаётган маърифат, бағрикенглик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ғояларидир.
Ана шу эзгу тамойилларнинг амалий ифодаси сифатида 7–11 июль кунлари мамлакатимизда ўтказилган Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами ҳаётида муҳим воқеага айланди.

Беш кун давом этган форум Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида йирик илмий-маърифий мулоқот майдонига айланди. Унда элликдан ортиқ мамлакатдан вазирлар, муфтийлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, академиклар, музей ва архив директорлари, қўлёзмашунос олимлар, университетлар ректорлари ҳамда маданий мерос соҳаси мутахассислари иштирок этди. Форум кун тартибига киритилган масалалар ислом цивилизацияси тарихини ўрганиш билангина чекланмади. Унда илм-фан, таълим, рақамли технологиялар, маданий меросни асраш, қўлёзмаларни реставрация қилиш, исломофобияга қарши маърифат орқали курашиш, ёшлар тарбияси ва гуманитар дипломатия каби долзарб мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур форум Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги йилларда халқаро майдонда илгари сураётган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида илгари сурган ушбу ташаббуси бугун нафақат Ўзбекистон, балки кўплаб мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланаётган глобал гуманитар чақириққа айланган.
Ислом цивилизацияси маркази – глобал мулоқот майдони
Форумнинг очилиш маросими 7 июль куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтди. Ўз меъморий қиёфаси, замонавий технологиялари ва бой илмий концепцияси билан дунё олимларини ҳайратга солаётган мазкур мажмуа форумнинг рамзий марказига айланди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда ислом цивилизацияси инсоният тарихида илм-фан, тиббиёт, астрономия, фалсафа, адабиёт ва маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшгани, бу меросни холисона ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

–Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табриги ушбу анжуманнинг юксак мақоми, унинг мамлакатимиз ва халқаро ҳамжамият учун нечоғлик муҳим эканини яна бир бор намоён этди, – деди Узбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухоликов. – Давлатимиз раҳбарининг маърифат, диний бағрикенглик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга қаратилган эзгу ғоялари барчамиз учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Президент мурожаатида таъкидланганидек, бугунги кунда ислом динини зўравонлик билан боғлашга уринаётган кучларга энг муносиб жавоб – ҳақиқий ислом цивилизациясининг маърифатпарварлик моҳиятини жаҳонга кўрсатишдир. Шу боис Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча йирик лойиҳалар, жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари айнан шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Дунё олимлари эътирофи
Форумнинг биринчи куниёқ халқаро экспертлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо бердилар.
ICESCO бош директори доктор Салим Ал-Малик ўз чиқишида шундай деди:
“Ўзбекистон бугун ислом цивилизациясининг бой меросини сақлаш ва уни келажак авлодларга етказиш борасида бутун мусулмон олами учун намуна бўлаётган давлатга айланди. Бу ерда тарих фақат сақланмаяпти, балки қайта жонлантирилмоқда”.
Унинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази оддий музей ёки илмий муассаса эмас, балки турли халқлар ва маданиятларни бирлаштирувчи глобал интеллектуал платформа бўлиб хизмат қилади.

TURKSOY бош котиби Султон Раев эса форумни “туркий ва ислом дунёси гуманитар ҳамкорлигининг янги босқичи” деб баҳолаб, қуйидагиларни таъкидлади:
“Самарқанд, Бухоро, Термиз ва Тошкент каби шаҳарлар инсоният цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутади. Бугун Ўзбекистон ана шу буюк меросни замонавий илм-фан билан уйғунлаштираётган мамлакат сифатида намоён бўлмоқда”.
Хорижлик меҳмонларнинг аксарияти Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилаётган қўлёзмалар, ноёб Қуръон нусхалари, интерактив экспозициялар ва замонавий музей технологиялари катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Форумнинг биринчи кунида ўтказилган пленар мажлисларда ислом цивилизациясининг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси, буюк муҳаддислар ва мутафаккирлар мероси, маданий дипломатия, диний бағрикенглик, илм-фан ҳамда рақамли технологияларнинг ўзаро уйғунлиги каби мавзулар кенг муҳокама қилинди.
Мутахассислар бир фикрда якдил бўлдилар: XXI асрда ислом цивилизациясини англаш тарихни ўрганиш билангина чекланмаслиги керак. У инсон қадри, маърифат, илм-фан, тинчлик ва ўзаро ҳурмат каби умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим.

Шу маънода, Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги гуманитар ташаббусларини янада мустаҳкамлади ва мамлакатимизнинг жаҳон илм-фани ҳамда маданий мулоқот марказларидан бири сифатидаги ўрнини яна бир бор намоён этди.
Бу эса форумнинг илк куниданоқ унинг оддий илмий анжуман эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг маърифат, илм-фан ва цивилизациялар мулоқотига асосланган ташқи сиёсатининг амалий ифодаси эканини кўрсатди.
Буюк алломалар мероси – замонавий илм-фан нигоҳида
Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форумининг энг муҳим хусусиятларидан бири шунда бўлдики, у фақат Тошкентдаги ялпи пленар йиғилишлар билан чекланиб қолмади. Форумнинг кейинги кунларида Самарқанд ва Термиз шаҳарларида буюк муҳаддислар ва мутафаккирлар илмий меросига бағишланган нуфузли конференциялар ўтказилди. Бу эса анжуманнинг амалий ва илмий аҳамиятини янада оширди.
Форум доирасида Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳудудида ташкил этилган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ – Уммат китоби” мавзусидаги халқаро конференцияда дунёнинг етакчи муҳаддислари, исломшунослари ва қўлёзмашунос олимлари иштирок этди.

Маърузаларда буюк муҳаддиснинг ҳадисларни саралаш услуби, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг қўлёзма анъаналари, унинг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ўрни ҳамда замонавий исломшуносликдаги аҳамияти атрофлича таҳлил қилинди. Форум доирасида ушбу асарнинг янги академик нашрлари ва илмий лойиҳалар ҳам тақдим этилди.
Самарқандда бўлиб ўтган яна бир муҳим анжуман Имом Мотуридий илмий меросига бағишланди. Конференцияда мотуридийлик таълимотининг бағрикенглик, ақл ва нақл уйғунлиги, диний муросасозлик ҳамда экстремизмга қарши маърифий курашдаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.
Туркия, Миср, Марокаш, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан келган олимлар Имом Мотуридий таълимоти бугунги глобал хавф-хатарларга қарши маърифий иммунитетни шакллантиришда муҳим назарий асос бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Форумнинг навбатдаги манзили Термиз шаҳри бўлди. Бу ерда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Термиз давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро конференцияда Имом Термизийнинг ҳадис илми тараққиётига қўшган ҳиссаси, Ҳаким Термизийнинг тасаввуф таълимоти, Термиз илм мактабининг ислом цивилизациясидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинди.
Шўъба йиғинларида қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш, археологик меросни муҳофаза қилиш, илмий нашрлар тайёрлаш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро академик алмашинув дастурларини кенгайтириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Форум иштирокчилари Ҳаким Термизий мақбараси, Султон Саодат мажмуаси ва бошқа зиёратгоҳларга ташриф буюриб, Ўзбекистонда тарихий меросни асраш ва ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан танишдилар.
Амалий натижаларга йўналтирилган форум
Анжуманнинг яна бир муҳим жиҳати шунда бўлдики, у назарий муҳокамалар билан чекланиб қолмади.
Форум доирасида музейлар, архивлар, университетлар, илмий-тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисида қатор меморандумлар имзоланди.
Хусусан, ICESCO ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида Халқаро Имом Бухорий мукофотини таъсис этиш бўйича келишувга эришилди. Мазкур мукофот ислом цивилизациясини ўрганиш, қўлёзмаларни сақлаш, ҳадисшунослик, маданий меросни тарғиб қилиш ва бағрикенглик ғояларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган олимлар ҳамда муассасаларга берилиши белгиланди.
Шунингдек, форум давомида қўлёзмаларнинг ягона рақамли базасини шакллантириш, ислом цивилизациясига оид электрон кутубхона яратиш, халқаро энциклопедия тайёрлаш, ёш тадқиқотчилар форумини ташкил этиш, Ислом цивилизацияси музейлари халқаро уюшмасини тузиш каби қатор стратегик ташаббуслар илгари сурилди.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ташаббуслар амалга оширилса, Ўзбекистон яқин йилларда ислом цивилизацияси бўйича халқаро илмий ҳамкорликнинг энг муҳим марказларидан бирига айланиши мумкин.
Самарқанд ва Термиздаги муҳокамалар шуни кўрсатдики, Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми тарих ҳақида хотираларни янгилаш билан чекланиб қолмади. У янги илмий лойиҳалар, қўшма тадқиқотлар ва узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форумининг энг муҳим натижалари унинг ёпилиш маросимида қабул қилинган ҳужжатларда ўз ифодасини топди. Бир неча кун давом этган муҳокамалар, илмий баҳслар ва учрашувлар якунида иштирокчилар томонидан Тошкент декларацияси қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига махсус Мурожаат йўлланди.
Тошкент декларациясида ислом цивилизациясининг бой илмий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, унинг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни илм-фан ва маърифат руҳида тарбиялаш, экстремизм ва исломофобияга қарши курашда маърифатни энг таъсирчан восита сифатида қўллаш каби устувор вазифалар белгиланди. Шунингдек, қўлёзмаларни сақлаш, реставрация қилиш, рақамлаштириш, қўшма илмий тадқиқотлар ташкил этиш ва халқаро академик ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ ташаббуслар илгари сурилди.
Форум иштирокчилари томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўлланган Мурожаат алоҳида тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Унда давлат раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб бергани қайд этилди.
Мурожаатда таъкидланганидек, Ўзбекистон Президентининг юксак ирода ва донишмандлик, тарих, бугунги кун ва келажакни яхлит бир жараён сифатида кўра олиш салоҳияти маҳсули бўлган Ислом цивилизацияси маркази нафақат жаҳон даражасидаги замонавий илмий-маърифий мажмуага, айни вақтда ушбу ноёб жараён таркибидаги бебаҳо меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун турли давлатлар, халқаро ташкилотлар, етакчи олимлар, илмий муассасалар, университетлар, кутубхоналар, музейлар ва маънавий-маърифий марказларни бирлаштирадиган нуфузли мулоқот майдонига айланиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Аминмизки, яқин йилларда бу маскан гуманитар илм-фан соҳасидаги етакчи халқаро марказлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди ҳамда янги ғоялар, қўшма илмий тадқиқотлар ва узоқ муддатли халқаро лойиҳалар шаклланадиган йирик маданий-маърифий ва таълим платформасига айланади.
Ўзбекистон Республикасида маънавий, илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизда катта таассурот қолдирди. Ислом цивилизацияси маркази, янгиланган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти каби ноёб муассасалар тарихий хотирани сақлаш, фундаментал илм-фанни ривожлантириш ҳамда халқаро гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган изчил давлат сиёсатининг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Форум иштирокчилари Президентга самимий миннатдорлик билдириб, мазкур анжуманни мунтазам ўтказиш таклифини ҳам қўллаб-қувватладилар.
Илмий дипломатиянинг янги модели
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида иқтисодий ва сиёсий дипломатия билан бир қаторда гуманитар дипломатия ҳам устувор йўналишлардан бирига айланмоқда.
Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми айнан шу сиёсатнинг амалий ифодаси бўлди.
Анжуман давомида ўнлаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан янги ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Музейлар, архивлар, кутубхоналар ва университетлар ўртасида имзоланган меморандумлар келгуси йилларда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, форумнинг энг катта ютуғи шундаки, у ислом цивилизациясини фақат тарих объекти сифатида эмас, балки бугунги глобал тараққиётнинг муҳим маънавий манбаи сифатида намоён қилди.
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз нафақат Марказий Осиё, балки бутун мусулмон дунёси учун илмий-маърифий марказлардан бирига айланиб бормоқда.
Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мемориал мажмуаси, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, юзлаб қўлёзмаларнинг реставрация қилиниши, ноёб асарларнинг Ватанга қайтарилиши, халқаро илмий экспедициялар ва рақамлаштириш лойиҳалари бунинг яққол исботидир.
Форум давомида хорижлик олимлар томонидан ҳам айнан шу жиҳат алоҳида эътироф этилди. Улар Ўзбекистонни бой тарихий меросга эга мамлакат сифатидагина эмас, балки уни илмий асосда ўрганиш ва бутун инсоният манфаати йўлида тарғиб қилаётган давлат сифатида баҳоладилар.
Рустам ЖАББОРОВ,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА