Қизилтепада чорвачиликка ихтисослашган микромарказлар ташкил этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Қизилтепа туманида чорвачиликни ривожлантириш, аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Консурун маҳалласи ҳудудида ташкил этилган чорвачилик микромаркази шундай лойиҳалардан биридир.
Тажриба тариқасида 30 гектар майдонда 20 та лотдан иборат чорвачилик микромаркази ташкил этилди. Ҳар бир тадбиркорлик субъектига ўртача 1,1 гектардан ер майдони ажратилди.
Мазкур лойиҳа доирасида 6 минг бош йирик шохли қорамол боқиш, 104 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш, йилига 900 тонна гўшт ва 600 тонна сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
[gallery-21223]
Шунингдек, 2026-2028 йилларда “Чорвачилик микромаркази”га чегарадош ҳудудда 30 гектар майдонда, умумий қиймати 100 миллиард сўм бўлган 20 та лотдан иборат микромарказнинг иккинчи босқичини ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 12 майда қабул қилинган «Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида чорвачилик тармоғини замонавий бошқарув асосида ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчиликни такомиллаштириш ва яйловлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қарорга мувофиқ, Қизилтепа тумани Навоий вилоятида чорвачиликка ихтисослаштириладиган туманлар рўйхатига киритилган.
Соҳада белгиланган вазифалар доирасида чорва моллари бош сонини кўпайтириш, гўшт ва сутни қайта ишлаш ҳажмини ошириш ҳамда ем-хашак базасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сирож АСЛОНОВ(сурат),ЎзА