Замонавий баҳолаш тизими жорий этилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, ёшларга сифатли ва замонавий билим бериш, уларнинг билим ва кўникмаларини холис баҳолашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда таълим сифатини баҳолашнинг замонавий ва самарали усулларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навоий вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларида ҳам мезонларга асосланган баҳолаш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда.
– Замонавий таълимда ўқувчини фақат натижага қараб баҳолаш эмас, балки унинг билимни ўзлаштириш жараёни, мустақил фикрлаши, амалий кўникмалари ва ижодий ёндашувини ҳам ҳисобга олиш муҳим, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова. – Мезонларга асосланган баҳолаш ана шу талабларга жавоб берадиган тизимлардан биридир. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб вилоятдаги яна 51 та умумий ўрта таълим мактабида мезонларга асосланган баҳолаш тизими жорий этилади. Натижада мазкур тизим жорий этилган мактаблар сони 201 тага етади. Мазкур тизимнинг аҳамияти шундаки, унда ўқувчининг билими шунчаки баҳо билан эмас, балки аниқ белгиланган мезонлар асосида баҳоланади. Бу эса ўқувчининг қайси билим ва кўникмаларни ўзлаштиргани, қайси йўналишларда эса янада ишлаши зарурлигини аниқ кўрсатиб беради.
Мезонларга асосланган баҳолаш, аввало, таълим жараёнида холислик, шаффофлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади. Ўқувчи учун эса ўз натижаларини англаш, камчиликларини бартараф этиш ва ўз устида мунтазам ишлаш имкониятини яратади.
Ушбу баҳолаш тизими 2023/2024 ўқув йилида 20 та умумий ўрта таълим мактабида жорий этилган бўлса, бугунги кунга келиб эса вилоятдаги жами 367 та умумтаълим мактабининг 55 фоизида ушбу тизимдан фойдаланилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири