Қадимий Нахшаб сирлари: Ерқўрғондан топилган олтин нишон
Ўзбекистон заминида асрлар қаъридан топилаётган ҳар бир осори атиқа халқимизнинг буюк ўтмишидан сўзловчи тилсиз гувоҳдир.
Айниқса, қадимий шаҳарсозлик маданияти ва давлатчилик асосларини ўзида мужассам этган топилмалар тарихимизнинг нақадар чуқур илдизларга эга эканлигини кўрсатади. Бундан қарийб ярим аср олдин, 1977 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти томонидан олиб борилган тадқиқотлар ана шундай нодир воқеага сабаб бўлди. Қадимий Нахшабнинг юраги бўлмиш Ерқўрғон харобаларида ўтказилган қазишма ишлари илм-фан олами учун кутилмаган топилмани тақдим этди.
Тадқиқотчилар асосий эътиборни шаҳарнинг “шарқий тепалик” деб номланган қисмига қаратган эдилар. Бу ҳудудда милодий I–VI асрларга оид шаҳар ибодатхонаси қолдиқлари жойлашган бўлиб, у қадимда муайян маъбудага атаб қурилгани тахмин қилинади. Археолог Мирзали Тўрабеков иштирокида олиб борилган изланишлар жараёнида III ва IV асрларга оид маданий қатлам ўрганиб чиқилди. Тупроқ қатламлари орасидан топилган кичик, аммо тарихий қиймати бебаҳо бўлган олтин нишон(кўкрак нишони) барчанинг диққатини тортди. Ушбу топилма шунчаки безак буюми эмас, балки ўша давр меъморчилиги ва ҳарбий салоҳияти ҳақида муҳим маълумот берувчи манба эди.
Мазкур нодир ёдгорлик ўта юпқа, қалинлиги бор-йўғи 0,15 миллиметр бўлган соф олтин пластинкадан тайёрланган. Унинг юза қисмига қадимий усталар томонидан шаҳар мудофаа девори ва кузатув буржининг тасвири ғоят нозик дид билан туширилган. Тасвирнинг четлари диаметри 0,4 миллиметр бўлган, юзасига қинғир чизиқлар ўйилган ингичка олтин сим билан ҳошияланган. Бундай микроскопик аниқликдаги ишлов бериш усули қадимги Сўғд заргарларининг маҳорати нақадар юксак бўлганидан далолат беради. Буюмнинг ўлчамлари жуда кичик бўлишига қарамай, унда улкан мудофаа иншоотининг барча тузилмавий жиҳатлари акс эттирилган.
Олтин пластинкадаги девор ва бурж тасвири шунчаки бадиий тўқима эмас, балки муҳандислик ечимининг аниқ ифодасидир. Девор узунлиги 11,8 миллиметрни ташкил этса, буржнинг баландлиги тишсимон кунгуралари билан биргаликда 9,5 миллиметрга етади. Буржнинг тепа қисмида учта, деворнинг юқори қисмида эса иккита кунгура тасвирланган бўлиб, улар орасидаги масофа қатъий ўлчов асосида 2,5 миллиметр қилиб белгиланган. Буржнинг қоқ марказида эса баландлиги 3,5 миллиметр бўлган шинак, яъни ўқ отиш учун мўлжалланган махсус тешик жойлашган. Бу деталларнинг барчаси шаҳарнинг ҳарбий ҳимоя тизими пухта ўйланганини кўрсатади.
Топилманинг орқа томонида кийим ёки матога қадаш учун мўлжалланган иккита кичик ҳалқача мавжуд. Қадимда олтин нишонлар ва турли туморлар кўчманчи қабилалар маданиятида кенг тарқалган бўлиб, улар нафақат безак, балки ёвуз кучлардан асровчи восита вазифасини ҳам ўтаган. Бироқ Евросиё даштларидаги кўчманчилар буюмларида асосан ҳайвонлар, қушлар ёки геометрик шакллар тасвирланган. Ерқўрғон топилмаси эса ушбу анъанадан кескин фарқ қилади. Унда ўтроқ маданиятнинг энг муҳим белгиси – мустаҳкам шаҳар қўрғони тасвирланган.
Ушбу ўзига хос жиҳат қадимий Сўғд ҳудудида икки хил дунёқараш ва турмуш тарзининг ўзаро қоришиб кетганини англатади. Бир томондан, буюмнинг шакли ва вазифаси кўчманчилар анъанасига хос бўлса, иккинчи томондан, ундаги мазмун юксак даражада ривожланган шаҳар маданиятини ифодалайди. Нишон гарчи III–IV асрлар қатламидан топилган бўлса-да, мутахассислар унинг ясалиш вақти анча аввалроққа бориб тақалиши мумкинлигини қайд этадилар. Бу эса Сўғд заргарлик санъати ва шаҳарсозлик анъаналарининг илдизлари янада чуқурроқ эканини тасдиқлайди.
Қадимшунос олим Мирзали Туребеков ушбу тасвирни ўрганиш жараёнида уни Парфия ҳукмдорлари Ород I, Фраат IV ва Пакор II тангаларидаги қалъа деворлари тасвири билан қиёслайди. Шунингдек, Янги Нисодан топилган сопол плитадаги қалъа бурчаги тасвири ҳам Ерқўрғон топилмасига маълум даражада ўхшашликка эга. Аммо Қашқадарёдан топилган ушбу намуна ўзининг нозик ишлиги ва мукаммал композицияси билан ажралиб туради. У антик давр мудофаа деворларининг, хусусан, тўғри бурчакли буржлар ва ўқ отиш шинакларининг тузилиши ҳақида тўлиқ тасаввур беради.
Ушбу митти олтин буюм қадимги аждодларимизнинг давлатчилик ва шаҳарсозлик борасидаги салоҳияти нақадар юксак бўлганини намоён этади. Улар нафақат муҳташам қалъалар барпо этган, балки бу иншоотларни санъат даражасига кўтариб, заргарлик буюмларида ҳам акс эттирган. Ерқўрғон ибодатхонасидан топилган бу ёдгорлик бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган тарихий манба вазифасини ўтайди. У бизга ўтмишда бу ҳудудда қудратли, ўз чегараларини ҳимоя қилишга қодир ва юксак маданиятли жамият мавжуд бўлганини эслатиб туради.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА