Конституциявий қонун лойиҳаси олимлар ва жамоатчилик нигоҳида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтида “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонуни лойиҳаси олимлар ва жамоатчилик нигоҳида” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатимизнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари олимлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари мутахассислари ва экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида конституциявий қонун лойиҳасининг бизнес муҳитига таъсири, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва иқтисодий ўсишни жадаллаштириш имкониятлари кенг муҳокама қилинди.
Қайд этилдики, марказ резидентлари учун жаҳон амалиётидаги энг илғор имкониятлар мажмуи яратилмоқда. Капиталнинг эркин ҳаракати, эркин валюта операциялари, рақамли активлар билан ишлаш, имтиёзли солиқ режими ва соддалаштирилган виза тартиби шулар жумласидандир. Бу каби жиҳатлар халқаро инвесторларга узоқ муддатли стратегик режалар тузиш учун ишончли асос яратади.
Марказ мамлакатимизда замонавий молиявий ва технологик экотизим яратиб, минтақавий молиявий-инвестициявий хабга айланиш салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам халқаро капиталга кириш, молиявий инструментлардан самарали фойдаланиш ва технологик ҳамкорликлар асосида янги ўсиш имкониятлари шаклланади.
Муҳокама жараёнида қонун лойиҳаси бўйича қатор илмий-амалий таклифлар илгари сурилди. Лойиҳанинг стратегик йўналиши – юртимизга йирик инвестицияларни жалб қилиш ва миллий иқтисодиётимизни жаҳон молиявий тизимига интеграциялаш иштирокчилар томонидан якдил қўллаб-қувватланди.
Давра суҳбати якунида лойиҳа юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА