Уйчилик пиллакорларнинг ютуғи
Наманган вилоятининг Уйчи тумани пиллакорлари жорий йилда 3 минг 970 қути ипак қуртидан 238 тонна пилла ҳосили олиб, вилоятда биринчи бўлиб зафар қучдилар.
Пиллачилик қишлоқ хўжалигининг муҳим ва сердаромад тармоқларидан биридир. Кейинги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишда муҳим ўрин тутаётган бу соҳа ипак қурти парвариши орқали табиий ипак хомашёсини етиштиришга хизмат қилмоқда.

Юртимизда пиллачиликни замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, маҳсулот сифатини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2026 йил 6 мартдаги “Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ипакчиликни янада ривожлантириш, ипак қуртини парваришлаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла етиштириш жараёнларини такомиллаштириш ва шу йўналишдаги ипакчилик корхоналари қувватларини оширишда дастуриламал бўлди.

Қайд этиш жоизки, Уйчи туманида пиллачилик иш ва наф манбаига айлантирилиб, мавсум давомида икки мингга яқин хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Ҳар қутидан ўртача 60 килограммдан ҳосил олинишига эришилди.

Дарҳақиқат, юксак пилла хирмонининг яратилишида фермер хўжаликлари, касаначилар, маҳалла еттилигининг ҳамжиҳатликда иш олиб боргани, туманда пилла етиштириш билан банд бўлган оилалар учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, соҳада меҳнат қилаётган аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилгани, мутасадди ташкилотлар томонидан пиллани қабул қилиш, саралаш ва топшириш жараёнлари тизимли ташкил этилгани марранинг барвақт эгалланишида муҳим омил бўлди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА