Қабулдаги гап — энди амалий натижага айланади
Халқ қабулхонасига келган фуқаро учун айтилган гапдан кўра, унинг амалий натижаси муҳим. Шу боис мурожаатни тинглаш, муаммони ўрганиш ва масъулларга вазифа юклаш билан иш битмайди — энг асосийси, белгиланган чораларнинг натижаси бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг шахсий қабули ўтказилиб, 164 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди.
Мурожаатларда уй-жой, ер, тадбиркорлик ва кредит масалалари салмоқли ўрин тутди. Шунингдек, иш ҳақини ундириш, алимент, даволаниш ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан ҳам мурожаатлар бўлди.
Кимдир алимент ундириш масаласида ёрдам сўради. Кимдир уй-жойини битказиш учун амалий кўмак истади. Яна кимдир ер ҳужжатларини расмийлаштириш, иш ҳақини ундириш ёки даволаниш билан боғлиқ муаммони билдирди. Бир қарашда турлича кўринган бу мурожаатларни бир жиҳат бирлаштиради: уларнинг ҳар бири инсон ҳаётида муҳим ўрин тутган масаладир.

Шахсий қабул рўйхатига киритилган 164 нафар мурожаатчининг масалалари бирма-бир кўриб чиқилди. Уларнинг 30 дан ортиғи уй-жой, 27 таси ер, 20 таси тадбиркорлик ва кредит масалаларига оид бўлди. Айрим фуқаролар бир вақтнинг ўзида бир нечта муаммолар билан мурожаат қилди.
— Бугунги қабул жараёнида мурожаатларни фақат тинглаш билан чекланилмади. Ҳар бир ҳолат юзасидан масъул мутасаддилардан ахборот ва изоҳлар сўралди, муаммони ҳал этишнинг ҳуқуқий ва амалий имкониятлари кўриб чиқилди. Жойига чиқиб ўрганиш ёки қўшимча маълумот талаб этилган ҳолатлар бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Манучеҳр Мирзаев.

Қабул жараёнида айрим мурожаатлар тегишли ташкилотлар ва масъуллар иштирокида шу ернинг ўзида кўриб чиқилди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган масалалар бўйича эса уларни ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Энди асосий эътибор — берилган топшириқларнинг ижросига қаратилди. Масъулларга юклатилган вазифаларнинг бажарилиши назоратга олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири