Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми: мулоқот майдонидан амалий ҳамкорликка
Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуаси Мирзо Улуғбек мадрасасида 28 сентябрь куни Тошкентда бошланган инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумининг якуний ялпи мажлиси ўтказилди.
Ушбу анъанавий халқаро тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТ, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ҳамда Халқаро тараққиёт ва адолат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Бу галги форум “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлида глобал шериклик” мавзусига бағишланди. Унинг тантанали очилиши, юқори даражадаги ва Миллий марказ юбилейига бағишланган ялпи мажлислари, шунингдек, 7 та шуъба сессиялари Тошкент шаҳрида ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ушбу тадбирлар юқори савияда, барча иштирокчиларнинг юксак фаоллиги асосида ўтганини қайд этди.

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумига асос солинганига бу йил 8 йил тўлди, – деди А.Саидов. – Анъанавий тарзда ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу халқаро анжуман қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама этиш ва самарадор ечимлар топиш борасида дунё миқёсида кам учрайдиган ноёб, қулай ва ўзига хос мулоқот майдонига айланди. Дастлаб 2018 йилда Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди. 2020 йилда ёшлар ҳуқуқларига, 2022 йилда эса инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масалаларига бағишланган форумлар ташкил этилди. 2024 йилги тўртинчи Самарқанд форумида экологик таҳдидлар ва уларнинг инсон ҳуқуқларига таъсири муҳокама қилинди. Бешинчи Самарқанд форуми ана шу эзгу анъананинг мантиқий давоми бўлди. Тадбирлар доирасида 100 дан ортиқ маъруза тингланди. Иштирокчилар томонидан илгари сурилган ғоялар, билдирилган фикрлар шуни кўрсатдики, Самарқанд форуми бугун инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот майдонидан амалий ҳамкорликка хизмат қилувчи нуфузли тадбир даражасига кўтарилди.
Форум қатнашчилари қайд этганидек, бугун инсоният мураккаб ва бир-бири билан чамбарчас боғланган глобал синовларга дуч келмоқда. Айниқса, сунъий интеллект ва янги рақамли технологияларнинг жадал ривожи инсон ҳаёти учун улкан имкониятлар билан бир қаторда янги ҳуқуқий ва ахлоқий хавф-хатарларни ҳам юзага чиқармоқда.
Шу боис инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини замонавий воқеликлар асосида такомиллаштириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми дастури ҳам айнан шу мақсад ва вазифаларга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Форум иштирокчилари томонидан билдирилган ташаббуслар ва таклифлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан умумлаштирилди ва “Самарқанд тасаввури – 2040: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор тараққиёт йўлидаги глобал ҳамкорлик” номли якуний ҳужжат лойиҳаси тайёрланди. Ҳужжатда халқаро ҳуқуқ нормалари асосида инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, аёллар, болалар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, сунъий интеллект ва бошқа рақамли платформалардан фойдаланишда тенглик ва шаффофликка эришиш, ҳар бир бир инсоннинг тоза ва мусаффо атроф-муҳитда яшаши, иқлим ўзгаришлари таъсиридан ҳимояланишини кафолатлаш каби устувор йўналишлар белгиланган. Қайд этилишича, мазкур ҳужжат инсон қадр-қиммати ва тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал тизимини мустаҳкамлаш ҳамда барқарор тараққиётни рағбатлантириш йўлида халқаро ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилашга хизмат қилиши кўзда тутилган.
[gallery-31673]
Форум иштирокчиларининг эътироф этишича, ушбу йирик халқаро тадбирни ўтказишдан кутилган мақсад ва натижаларга эришилди. Бу нималарда намоён бўлади?
Биринчидан, халқаро мажбуриятларни ижро этиш, тараққиёт ҳуқуқини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишга инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни жорий этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Иккинчидан, ҳукуматлар, БМТ, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланди.
Учинчидан, миллий стандартларни амалга ошириш, институционал инновациялар ва асосланган қарорлар қабул қилиш бўйича тажриба алмашинувини рағбатлантириш йўлга қўйилди.
Тўртинчидан, халқаро мажбуриятларни бажариш, идоралараро мувофиқлаштириш ҳамда миллий механизмлар фаолиятининг салоҳиятини ошириш борасида сезиларли қадамлар қўйилди.
Бешинчидан, барча инсон ҳуқуқлари, экологик муаммолар, иқлим ҳаракатлари, рақамли технологиялар, гендер тенглик ва заиф қатламларни ҳимоя қилишнинг ўзаро боғлиқлигини таъминловчи комплекс ёндашувлар шакллантирилди.
Энг муҳими, Самарқанд форумининг глобал миқёсдаги нуфузи ва инсон ҳуқуқларини самарали таъминлашдаги тутган ўрни янада юксалди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми иштирокчилари чинакам меҳмондўстлик кўрсатилгани ва тадбирлар юксак даражада ўтказилгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирдилар.

Анжуман қатнашчилари учун Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканларга саёҳат ташкил этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари